“Метан заправкалар” иш вақти яна қисқартирилди

Сақлаш
16:33 / 12.12.2023 1058 0

Ҳаво ҳаво совиши давом этаётгани туфайли 12 декабрдан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида метан заправкалар фаолияти соат 6:00 дан соат 12:00 гача этиб белгиланди. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати маълум қилди.

 

Ҳаво ҳарорати кескин пасайиши муносабати билан бутун мамлакат бўйича табиий ва суюлтирилган газ истеъмолининг ортиши кузатилаётгани қайд этилган.

 

“Айрим жойларда истеъмол ортгани сабабли газ босими пасайиши кузатилмоқда. Шунинг учун бугундан АГТКШлар иш вақтига ўзгартиришлар киритилиб, соат 06:00 дан 12:00 гача этиб белгиланди. Ушбу чоралар вақтинчалик бўлиб, ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетган вақтда қўлланади.

 

Ноқулай об-ҳаво шароитларига қарамай истеъмолчиларнинг газ таъминотини яхшилаш ишлари давом эттирилмоқда. Мазкур даврда алоҳида маҳалла ва хонадонларда газ етишмовчилигини олдини олиш мақсадида, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ фуқаролардан газ жиҳозларидан фақат бирламчи заруриятлар учун фойдаланишни, уйдан чиқиб кетаётганда имкон қадар иситиш жиҳозларини ўчиришни сўрайди”, дейилади хабарида.

 

Табиий газни узлуксиз етказиб бериш учун тўловни ўз вақтида амалга ошириш зарурлиги эслатиб ўтилган. Тўловларни туман газ таъминоти бўлимлари ва банк филиалларида, шунингдек, барча тўлов тизимларининг мобил иловалари орқали 24/7 режимида амалга ошириш мумкин.

 

Аввалроқ барча ҳудудларда метан заправкалар фаолияти чекланган ва шохобчалар соат 8:00 дан 15:00 гача ишлай бошлаганди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//