Жамият
Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонда ривожланиш сиёсатини қўллаб-қувватлаш бўйича операцияни маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизматига таяниб, “Spot” хабар бермоқда.
Операция доирасида ҳукуматга ижтимоий, иқтисодий ва иқлим ўзгариши соҳаларидаги ишларнинг янги босқичини амалга оширишга молиявий ёрдам кўрсатилади.
Бундан мақсад мамлакатнинг бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини тезлаштириш, фуқароларга тенг иқтисодий имкониятларни таъминлаш ва миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишига замин яратишдан иборат.
Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини тезроқ якунлаш чора-тадбирлари мамлакатга ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги мақсадларга эришишга ёрдам бериши қайд этилган.
“Жаҳон банкининг янги операцияси ҳукумат кун тартибидаги асосий устувор вазифалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, темир йўл, кимё саноати ва энергетика каби муҳим тармоқларда давлат назоратини камайтиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган”, — деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.
Унинг сўзларига кўра, чора-тадбирлар хусусий секторнинг юқоридаги тармоқларини ривожлантиришда фаол иштирок этиши учун имконият яратади. Операция аҳолининг айрим қатламларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга ҳамда иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммоларга ечим топишга ёрдам беради.
Операция доирасида Жаҳон банки ҳукуматга 800 млн АҚШ доллари миқдорида молиявий ёрдам беради. Маблағлар махсус имтиёзли шартлар асосида, кредитлар шаклида ажратилади.
Бундан ташқари, халқаро молия бозорларида ҳозирги кунда мавжуд бўлган қарз олиш имкониятларига нисбатан пастроқ фоиз ставкасида ва узоқроқ муддатга тақдим этилади. Натижада Ўзбекистон учун кредит маблағларини тўлаш харажатлари сезиларли даражада камайиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, бу мамлакатга муҳим молиявий ресурсларни тежаш имконини бериб, бу маблағлардан устувор ижтимоий-иқтисодий вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланиш мумкин.
Жаҳон банки томонидан тақдим этилаётган молиявий ресурслар иқтисодиётнинг қуйидаги тармоқларида ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва зарур чора-тадбирларни амалга оширишга йўналтирилган:
Энергетика: энергетика бозорининг мустақил регуляторини яратиш ва энергия тарифларини ислоҳ қилиш. Тармоқ фаолиятини яхшилаш, энергия самарадорлигини ошириш, инфратузилмани модернизация қилишга хусусий инвестицияларни жалб қилиш, рақобатни рағбатлантириш ва хусусий сектор иштирокини таъминлашдан иборат.
Темир йўл соҳаси: йўловчи ва юк ташиш нархларини шакллантириш тизимини модернизация қилиш, рақобатни рағбатлантириш ва институционал механизмларини такомиллаштириш мақсадида темир йўл соҳасини ислоҳ қилиш.
Кимё саноати: институционал ислоҳотларни амалга ошириш учун замин яратиш ва “Фарғонаазот”ни хусусийлаштириш. Саноатни либераллаштириш, уни модернизация қилишга хусусий инвестицияларни жалб этиш, кимё саноатида самарадорлик ва рақобатни ошириш белгиланган.
Қишлоқ хўжалиги: ҳосилдорликни ошириш ва экинларни диверсификация қилиш учун уларни экиш тартибини либераллаштириш ҳамда фермерларга иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишда ёрдам бериш.
Давлатнинг фискал мажбуриятларини бошқариш: Ўзбекистон Иқтисодиёт ва Молия вазирлигининг ДХШ лойиҳаларидан келиб чиқадиган фискал мажбуриятларни бошқариш ва тартибга солиш соҳасидаги салоҳиятини ривожлантириш.
Ижтимоий ҳимоя: аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий хизматлар қамрови ва турларини кенгайтириш, уларнинг сифатини ошириш мақсадида Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини ташкил этиш.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш: оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш ва аёлларни жисмоний, жинсий, иқтисодий ва руҳий зўравонликдан ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул юридик ёрдам кўрсатиш: Адлия тизимидан тенг фойдаланишни таъминлаш мақсадида маъмурий, фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича кам таъминланганларга давлат томонидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш.
Иқлим ўзгаришига мослашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш: кенг кўламли иқлим ва экологик давлат дастурларини ишлаб чиқиш, Экология вазирлигининг салоҳияти ва ваколатларини кучайтириш ҳамда ҳаво сифатини назорат қилиш механизмларини такомиллаштириш.
“Яшил” иқтисодиётга ўтиш: миллий “яшил” таксономияни ишлаб чиқиш. Бунда иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг иқтисодиёт учун оқибатларини юмшатиш мақсадида зарур чораларни кўриш, атмосферага чиқиндиларнинг олдини олиш механизмларини яхшилаш ва “яшил” лойиҳаларга инвестицияларни жалб қилиш назарда тутилган.
Жамият
Жамият
Жамият
Илм-фан
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ