Тошкентда фуқаронинг банк картасидан 250 млн сўм ўғирланди

Сақлаш
23:03 / 30.11.2023 2103 0

Тошкент шаҳри Яшнобод туманида яшовчи фуқаронинг картасидан 250 млн сўм ўғирланди.

 

ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик марказининг хабар беришича, 38 ёшли Г.О. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан жами 250 млн сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.

 

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида яшовчи 26 ёшли Н.Г., Андижон вилояти Жалақудуқ туманида яшовчи 18 ёшли Т.Х. ҳамда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 26 ёшли И.М. содир этганлиги аниқланган.

 

Унга кўра, Н.Г. жабрланувчи Г.О.нинг қўл телефонига қўнғироқ қилган ва ўзини “Click” оператори сифатида таништириб, СМС хабарнома юбориш орқали бошқарув ҳуқуқини қўлга киритиб, жами 250 млн сўм миқдоридаги пулларни ўтказиб олган ва пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

 

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Н.Г.,Т.Х. ва И.М.ларнинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//