Ўзбекистонда декабрь ойида қандай об-ҳаво кутилмоқда?

Сақлаш
20:22 / 30.11.2023 1826 0

Бу йилги декабрь ойи совуқ бўлмайди, ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан юқори, баъзи ҳудудларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.

 

“Ўзгидромет”га кўра, декабрь ойи қиш учун хос бўлмаган илиқ об-ҳаво билан бошланади. Энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати +15…+18 даражагача, жанубда +20…+22 даражагача кўтарилади.

 

Ҳаво ҳарорати кечаси –1…–6 даражагача, шимолда –8…–13 даражагача пасайиши кузатилади. Синоптикларнинг қайд этишича, декабрь ойи учун бу нормал ҳолат ҳисобланади.

 

Ойнинг биринчи ҳафтасида Ўзбекистон бўйлаб ҳавонинг ёғингарчиликсиз бўлиши, ҳаво ҳарорати кечаси +2…+7, кундузи +13…+18 даража бўлиши кутилмоқда. Бундай қуруқ ва илиқ бошланиш Ўзбекистонда жуда кам учрайди.

 

Кейинчалик — ойнинг охиригача ҳаво ҳарорати кечаси +5…+8 даражадан –3…–6 даражагача, кундузи +15…+18 даражадан +2…+5 даражагача бўлиши кутилмоқда. Ой давомида вақти-вақти билан ёғингарчиликлар кузатилади.

 

Сўнгги 50 йилдаги энг совуқ декабрь 1984-йилда бўлган. Кечаси ҳаво ҳарорати совуқнинг энг юқори чўққисида –18…–23 даражагача, баъзи жойларда –25…–27 даражагача пасайган.

 

2022-йилнинг декабрь ойи биринчи кунлариданоқ қор ёғиши ва ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши билан ўзининг қишки характерини кўрсатган. Жуда совуқ ҳаво деярли ойнинг ўрталарига қадар давом этган. Кечаси бу даврда ҳаво ҳарорати кўпчилик ҳудудларда –10…–15 даражагача, шимолий ва чўл ҳудудларда –19…–24 даражагача пасайган.

 

Фақатгина республика жанубида ва Фарғона водийсида ҳаво унчалик совуқ бўлмаган, минимал ҳарорат –1…–6 даража атрофида бўлган.

 

Ўтган йили қор кўринишидаги ёғингарчилик республиканинг марказий туманлари текисликлари бўйлаб қор қопламининг шаклланишига олиб келган ва бу қарийб 10 кун давом этган. Максимал қор баландлиги 7–12 см, баъзи жойларда 13–17 сантиметргача бўлган.Тоғли ҳудудларда қор қопламининг баландлиги 40–90 сантиметрга етган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//