Президент фармацевтикада маҳаллийлаштиришни кенгайтириш бўйича топшириқ берди

Сақлаш
09:11 / 29.11.2023 996 0

Президент Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни фармацевтика ва электротехника саноатида ишлаб чиқаришни янада қўллаб-қувватлаш, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Мамлакатимизда бу икки тармоқ учун ҳам зарур хомашё, етарли шароитлар бор. Хусусан, охирги олти йилда фармацевтика соҳасида ишлаб чиқариш 3 баробар, экспорт 6 баробар кўпайган. 525 миллион долларлик 177 та лойиҳа ишга тушиб, жами 50 мингта иш ўрни яратилган.

Лекин бу ҳали мавжуд имконият ва талаб даражасида эмас. Масалан, юртимизда йилига 1,6 миллиард долларлик дори-дармон истеъмол қилинади. Бунда маҳаллий маҳсулотларимизнинг улуши бор-йўғи 18 фоиз, қолгани импорт ҳисобидан қопланяпти.

Шу боис йиғилишда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
 

– Сўнгги йилларда бу соҳага катта кўмак ва маблағ берилди, фармацевтика зоналари ташкил этилди. Лекин бундан тўла фойдаланилмаяпти. Маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, тадбиркорлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг маҳсулотлари харидоргирлигини таъминлаш керак. Бунинг замирида қанча иш ўрни, қанча одамларнинг розилиги бор, – деди Шавкат Мирзиёев.
 

 

Бу борада хориж тажрибасини ўрганиш, машҳур брендларни мамлакатимизга жалб этиш муҳимлиги таъкидланди. Жумладан, энг кўп истеъмол қилинадиган 50 турдаги дорини юртимизда ишлаб чиқариш орқали маҳаллийлаштириш улушини 35 фоизга етказиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

“Tashkent Pharma Park” кластери қурилишини жадаллаштириш, унга хусусий шерикни жалб этиш зарурлиги айтилди. Шунингдек, фармацевтика корхоналарига “GMP” халқаро стандартига ўтиш ва маркировкалаш тизимини йўлга қўйишда кўмаклашилади.

Умуман, бу соҳада 1,5 миллиард долларлик 173 та лойиҳа шакллантирилган. Уларни молиялаштириш учун 600 миллион доллар йўналтирилади.

Мутасаддилар буларнинг натижасида 2024-йилда 400 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши, 160 миллион доллар экспорт таъминланиши бўйича ахборот берди.

Йиғилишда электротехника саноатига доир масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Сўнгги олти йилда бу соҳада 640 миллион долларлик 224 та лойиҳа ишга туширилган. Бу йил якунида экспорт 1 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, юртимизга йилига 800 миллион долларлик электротехника товарлари импорт бўлмоқда. Умуман олганда, минтақамизда 3 миллиард долларлик бозор бор.

Бунда муносиб ўрин эгаллаш учун нуфузли брендлар билан ҳамкорлик ўрнатиб, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш зарурлиги қайд этилди. Келгуси йилга мўлжалланган 2 миллиард долларлик 141 та лойиҳада бунга алоҳида эътибор қаратилади.

Жорий йилда 2 гигаватт, 2024-йилда яна 4 гигаватт қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилади. Уларга жуда кўп кабель, генератор, инвертор, трансформаторлар зарур. Бу маҳсулотларни маҳаллийлаштириб, халқаро сифат сертификатлари олиш вазифаси қўйилди.

Соҳада илғор технология, инновация ва халқаро стандартларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар йўналтирилиши белгиланди.

Мутасаддилар келгуси йилда ишлаб чиқаришни 20 фоизга ошириш, мисни қайта ишлаш ҳажмини 140 минг тоннага олиб чиқиш режаларини баён этди. Шунингдек, экспортни 1,5 миллиард долларга, 2025-йилда 2 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги қайд этилди.

Йиғилишда ушбу тармоқлардаги муаммо ва вазифалар юзасидан вилоят ҳокимлари ва тадбиркорларнинг таклифлари эшитилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси