Қоидабузар ҳайдовчиларга жарима балларини ёзиш тизимини жорий этиш бўйича қонун лойиҳаси қабул қилинди

Сақлаш
20:55 / 28.11.2023 1125 0

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Мажлисда таъкидланишича, айрим ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига беписандлик билан қараш, транспорт бошқариш маданиятига риоя қилмаслик, йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларига нисбатан ҳурматсизлик, транспорт воситасини кескин бошқариш ҳамда бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган “агрессив бошқариш” ҳолатлари кўпаймоқда.

Қонун лойиҳаси билан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, қўпол қоидабузарликлар содир этган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлган шахс томонидан транспорт воситасини такроран бошқариш учун жиноий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, транспорт воситаси ҳайдовчилари томонидан доимий равишда қоидабузарлик содир этганлик учун жарима баллари ҳисоблаш тизимини жорий этиш белгиланмоқда. Яъни, ушбу норма билан ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида ўн икки баллдан ошган ҳолларда охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Мазкур тартибга мувофиқ, ҳайдовчи бир йил давомида йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этиш йўли билан белгиланган миқдордаги жарима балларини тўплаган тақдирда унга нисбатан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси қўшимча жазо сифатида қўлланиши белгиланмоқда.

Мажлисда таъкидланишича, қонун лойиҳаси билан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини судлар томонидан қўлланишини инобатга олиб, Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлик учун маъмурий жазосини жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўллаш тартиби ҳам таклиф қилинмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//