Миллий гвардия Тошкентда Jah Khalib концертига киришда юз берган тиқилинч ва тартибсизликларга изоҳ берди

Сақлаш
17:16 / 27.11.2023 952 0

25 ноябрь куни Тошкентдаги Ҳумо Арена мажмуасида қозоғистонлик хонанда Jah Khalib концертига кириш учун тиқилинч юзага келди. Ижтимоий тармоқларда мажмуага кираверишда минглаб одамлар йиғилгани акс этган видео тарқалди. Уларнинг бирида Миллий гвардия ходимлари концертга келганлардан бирини олиб кетаётганини кўриш мумкин.

Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси хабарига кўра, ҳудудга кириш жойларида тартибсизлик ҳолатлари юз берган.
 

“Жамоат тартибини бузганликда гумонланган фуқаролар воқеа жойидан хавфсиз ҳудудга олиб чиқилиб, юз бериши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олди олинган… Ҳозирда барча фуқаролар воқеа жойидан тарқатилган. Тан жароҳати олганлар йўқ”, — дейилади бошқарманинг 26 ноябрга ўтар кечаси эълон қилинган биринчи хабарида.

Кейинроқ бошқарма фуқаролар томонидан концерт дастури учун чиқарилган 10 мингдан ортиқ электрон чипталар сотиб олинганини билдирди. Ташриф буюрган фуқароларнинг чипталари iTicket ходимлари томонидан махсус сканер қурилмасининг QR-коди орқали текширилиб киритилган.

“[Саройдаги] ўриндиқлар тўлган бўлсада, ташқарида мингдан ортиқ фуқаро қолиб кетиб, кириш истагини билдирган ва ушбу ҳаракатлари билан сунъий тирбандликни содир этган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу фуқароларнинг электрон чипталари кириш жойида такроран тақдим этилганлик ҳолати аниқланган. Ўз-ўзидан маълумки, бундай чипталарга эга бўлган фуқаролар назорат ўтиш жойидан ичкарига қўйилмаган”, — дейилади хабарда.
 

 

Бошқарманинг қўшимча қилишича, мазкур фуқаролар тақдим этган электрон чипталар танишлари ёки бошқа жисмоний шахслардан совға сифатида ҳамда пул эвазига қўлга киритганликлари маълум бўлган. ИИО ходимлари томонидан айрим фуқаролар электрон чипталарни ўз манфаати йўлида такроран сотганликлари аниқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Миллий Гвардия бу каби ноқонуний ишга қўл урган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилишини маълум қилди.

“Ушбу ҳолатлар нафақат концерт дастурларида, балки футбол ўйинларига кириш учун сотилаётган электрон чипталарда ҳам кузатилиши мумкин. Сизлардан ва сиз орқали яқинларингиздан электрон чипталарни фақатгина расмий сайтлар ҳамда чипта сотиладиган махсус жойлардан харид қилишларингизни сўраб қоламиз”, — дейилади ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган хабарида.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Миллий гвардия, ИИВ, Рақамли технологиялар вазирлиги ва ITICKET INGURUZ МЧЖ мутасаддилари томонидан аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинади.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда аренадаги тартибсизликларда пичоқбозлик бўлгани, ҳатто ўлим ҳолати кузатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бошқарма бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди ҳамда асосланмаган ва текширилмаган маълумотларни тарқатмасликни сўради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//