Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрида Илҳом Алиев билан музокара ўтказди

Сақлаш
14:11 / 24.11.2023 1779 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 ноябрь куни Боку шаҳрига амалий ташрифи доирасида Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан музокара ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Озарбойжон етакчиси Ўзбекистон Президентига БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПEКА) биринчи саммитини қўллаб-қувватлагани ва унда шахсан иштирок этаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди.

Давлатимиз раҳбари, ўз навбатида, Озарбойжон Президентини СПEКАда муваффақиятли раислик қилаётгани билан табриклади.

Ўзбекистон-Озарбойжон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, шу жумладан олий даражада эришилган келишувлар ижроси кўриб чиқилди.

Тизим ва самарали мулоқотлар туфайли Ўзбекистон-Озарбойжон муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани, амалий мазмун билан бойигани мамнуният билан қайд этилди.

Йил бошидан буён товар айирбошлаш 34 фоизга ошди. Автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва ипакчилик тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Транспорт ва логистика соҳасида истиқболли лойиҳалар тайёрланмоқда.

Давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишлари юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Кимё, энергетика, заргарлик, машинасозлик, қурилиш ва бошқа йўналишларда истиқболли лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Маданий-гуманитар алмашинувни янада кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари Озарбойжон Президентини ўзи учун қулай вақтда расмий ташриф билан Ўзбекистонга боришга таклиф этди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси