Ҳафта ўрталарига келиб ҳаво совиши кутилмоқда

Сақлаш
20:19 / 20.11.2023 1422 0

“Ўзгидромет” Ўзбекистон бўйича 20-24 ноябрь кунлари учун об-ҳаво маълумоти эълон қилинди.

Бугун Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Кун ўртасига бориб ҳаво +20...+23 даража илиқ бўлади.

Эртага янада илиқроқ бўлиши кутилмоқда, кундузи ҳаво ҳарорати +24...+27 даражагача кўтарилади ва республиканинг аксарият қисмида ёғингарчилик кузатилмайди, фақат Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида, куннинг иккинчи ярмида Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади.

22 ноябрь, чоршанба кунига бориб, шимолий-ғарбий ҳудудлардан кириб келаётган нам ҳаво массаси бутун Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб тарқалади. Республика ҳудудининг катта қисмида ёмғир ёғади, тоғолди ҳудудларида айрим жойларда кучли ёмғир кузатилади.

23 ноябрь куни фақат Фарғона водийси вилоятларида ёмғир ёғади, қолган ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди. 24 ноябрда республиканинг барча ҳудуди бўйлаб ҳаво қуруқ бўлади.

Тоғли ҳудудларда ёғингарчилик бўлади, 22-23 ноябрь кунлари вақти-вақти билан кучли ёғади.

20-22 ноябрь кунлари баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши, 21-23 м/с гача етиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Ҳаво ҳарорати 22-24 ноябрда +13...+18 даражагача, баъзи жойларда +10...+12 даражагача пасаяди. 23-24 ноябрь кунлари кечаси ҳарорат +3...+6 даражагача пасаяди, шимолда -1...-3 даражагача бўлиши мумкин.

Пойтахтда бугун ва эртага ёғингарчилик кутилмайди. 22 ноябрда вақти-вақти билан ёмғир ёғади. 23-24 ноябрда яна ёғингарчилик кутилмайди. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 5-10 м/с тезликда эсади, 22 ноябрда 12-15 м/с гача кучайиши мумкин.

Ҳарорат бугун кундузи +20...+22 даража, эртага +24...+26 даража бўлади. 22-24 ноябрда ҳаво ҳарорати +13...+18 даражагача, 23 ноябрда +11...+13 даражагача пасаяди. 21-22 ноябрда ҳарорат кечаси +10...+15 даража, 23-24 ноябрда +3...+8 даражагача пасаяди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//