Тошкентда мактаб ўқувчиси ис газидан огоҳлантирувчи қурилма яратди

Сақлаш
22:39 / 17.11.2023 2081 0

Тошкентда мактаб ўқувчиси ис газидан огоҳлантирувчи қурилма яратди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шайхонтоҳур туманидаги “Баркамол авлод” болалар мактабининг “Робототехника” тўгараги аъзоси Озодбек Ҳошимов томонидан ихтиро қилинган қурилма одамларни ис газидан сақлаб қолади.

Қурилма агар газ, олов ва тутун юзага келганда уй эгаларига хавф ҳақида огоҳлантириш бериб, СМС-хабарнома жўнатади.

Бундан ташқари, ўт ўчирувчиларга хавф юзага келган жойдан геолокация жўнатилиб, газ хавфи юзага келса ёки носоз жойлар аниқланса таъмирлаш корхоналарига ҳам хабар берилади.
 

“Қиш мавсуми эди. Одамлар ис газидан вафот этди деган машъум хабарларни ОАВ орқали ўқиб, эшитганимда, бунинг олдини олиш керак деган ўй келди ва мана шу ихтирони яратишимга туртки берди”, — дейди Озодбек.
 

 

Унинг қайд этишича, агар мазкур қурилма тегишли хизматлар билан интеграция қилинса, бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинишига ёрдам беради.

Зангиота туманидаги 6-мактабнинг 9-синф ўқувчиси бўлган Озодбек уч йилдан буён робототехника тўгарагига қатнашади ҳамда тўгарак раҳбари Камолиддин Абдуқаҳҳоров бошчилигида мазкур қурилмани яратган.

Қурилма қандай ишлаши бўйича видеони ҳавола орқали кўриш мумкин. Ҳозир Озодбек Ҳошимовнинг ихтиросини патентлаш жараёни кечмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//