Андижонлик ўқитувчи ўз маошидан ўқувчиларга стипендия берди

Сақлаш
21:13 / 17.11.2023 1514 0

Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги 6-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ёрқиной Маматисақова ўз маошидан ўқувчиларга стипендия беришни йўлга қўйди. 

У 30 йилдан буён рус тили ва адабиёти фанидан ўқувчиларга сабоқ бериб келади. Ижодкор педагог таълим жараёнига кўплаб янгиликларни жорий этиб, ўғил-қизларни рағбатлантириш йўли билан уларнинг қизиқишини фанга ошириб келмоқда, деб хабар бермоқда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги.

Ёрқиной Маматисақова ўз устида ишлаб, изланиши жараёнида хорижлик педагоглар томонидан йўлга қўйилган яхши тажрибадан хабар топган. Бу тажрибани ўзи таълим берадиган 10-Б синфида ўтказиб кўришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.

 

 

Педагог 1-чорак якуни бўйича 4 нафар аълочи ўқувчини аниқлаб, уларга “Устоз стипендияси” беришни йўлга қўйди. Эътиборлиси, мазкур стипендияни синф раҳбарлиги учун тўланаётган маошидан ажратди. Яна 12 нафар аълочи ўқувчиларини тақдирлаб, келгусида бошқа ўқувчиларнинг ҳам яхши ўқиши учун мотивация бера бошлади.

 

“II чоракдан стипендия олиш учун кўп ўқувчиларим ҳаракат қилмоқчи. Бир ойда синф раҳбарлик учун оладиган маошим ўқувчиларимга кетса ҳам уларни рағбатлантиришдан завқланаман. Боиси, бу стипендияни жорий қилганимдан сўнг ўқувчиларимнинг ота-онаси қўнғироқ қилиб, раҳмат айтишди. Фарзанди уйга пул солинган конвертни очмай олиб бориб, ота-онасига берганини қувонч билан гапиришди. Оила даврасида очилган конвертни уй тўрига қўйиб қўйишибди. Ўқувчиларим кўзидаги қувонч менга олаётган маошимдан кўра кўпроқ ҳузур беради”, дейди у
 

 

Ёрқиной Маматисақова, шунингдек, мактабда ўз маблағлари ҳисобидан “Қўғирчоқ театри” очиб, қўғирчоқлар ясаб, ансамбль учун кийимлар тиктирган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//