Давлат байроғининг 32 йиллигига бағишланган тадбирлар олдидан брифинг бўлиб ўтди

Сақлаш
17:11 / 15.11.2023 1136 0

Ёшлар ишлари агентлиги биносида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 32 йиллиги муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар юзасидан брифинг бўлиб ўтди.

 

“Муқаддасдир Ватан байроғи” шиорига асосланган тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 32 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 195-сон мажлис баёнига мувофиқ юртимизнинг турли нуқталарида ўтказилиши кутилмоқда.

 

Брифингга Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Аброр Қиличев модераторлик қилди. Маълумотга кўра, жорий йилнинг 18 ноябрь куни 16.00 да пойтахтимизнинг “Халқлар дўстлиги” майдонида Республика Маънавият ва маърифат маркази ва тегишли вазирликлар ҳамкорлигида асосий байрам тантаналари ўтказилади. Унда давлат ва жамоат арбоблари, таниқли шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат намояндалари, спортчилар, ҳарбийлар, Миллий гвардия отлиқ қисмлари, фаол ёшлар, ОАВ вакиллари ва кенг аҳоли иштирок этади. 

 

Тадбир давомида шунингдек, бир гуруҳ зиёлилар, маърифат тарғиботчилари “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.





Тадбиролди брифингда бир қанча мутахассислар давлат байроғи мавзусидаги маърузалари, мулоҳазалари, шеър ва қўшиқлари билан иштирок этдилар.

 

Хусусан, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова миллий рамзимизни “бутун олам тортишиш қонуни”га қиёслади ва унинг фикрига кўра, “байроғимиз таъсири билан Ватанимиз дунё эътиборини тортмоқда.”





Юридик фанлари доктори, профессор Миродил Баротов “Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчалар ва ўзгартиришлар юзасидан атрофлича маълумот берган бўлса, сиёсий фанлари номзоди, доцент Даврон Муитов давлат рамзининг сиёсий аҳамияти хусусида фикр билдирди.
 




Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Зулфия Мўминованинг ташбеҳига кўра, байроқ осмонни тутиб тургувчи устундир:

 

“Осмон бизнинг бошларга йиқилмайди, ёронлар,

Осмонни ушлаб турар, Ўзбекистон байроғи!”

 

Доцент Тўлқин Эшбек ҳам миллий байроғимизга лирик таъриф берди ва “Ватанни она десак байроқ унинг рўмоли, Ватанни ота десак, байроқ унинг белбоғи” мазмунидаги фикрни ўртага ташлади.





Брифинг хонандалар Умид Шаҳобов ҳамда Фахриддин Холназаровнинг ватанпарварлик мавзусидаги қўшиқлари билан якунланди.





Маълумот учун, Ўзбекистон давлат байроғи қабул қилинганининг 32 йиллиги муносабати билан қуйидаги манзилларда маънавий-маърифий, адабий-бадиий тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган:

 

16 ноябрь

 

11.00 – Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида (Яккасарой тумани, Шохжаҳон МФЙ).

 

17 ноябрь

 

11.30 – Темурбеклар мактабида  (Миробод тумани, Фурқат МФЙ).

 

18 ноябрь

 

10.00 – “Беруний майдони”да (Олмазор тумани);

10.00 – “SQB олди майдони”да (Яшнобод тумани, Махтумқули кўчаси);

10.00 – Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида (Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳ кўчаси);

10.00 – Сувсоз даҳаси айланма йўл майдонида (Бектемир тумани, Миришкор МФЙ);

11.00 – Лутфий сайилгоҳида  (Учтепа тумани, Лутфий кўчаси);

11.00 – Янги Умид амфитеатрида (Янгиҳаёт тумани, Янги Умид МФЙ);

11.00 – Ўзбекистон халқаро ислом академиясида (Шайхонтоҳур тумани, “Ўрда МФЙ);

14.00 – Тошкент давлат юридик университетида (Юнусобод тумани, Сайилгоҳ кўчаси).

 

Шунингдек, бутун юртимиз бўйлаб юзга яқин марказий майдон ва сайилгоҳларда “Муқаддасдир, Ватан байроғи!” шиори остида тантанали тадбирлар бўлиб ўтади.

 

 

Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси