Ўзбекистон Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларидаги Исроил аҳоли пунктларини ноқонуний деб топишни ёқлади

Сақлаш
16:11 / 13.11.2023 1217 0

БМТ Бош ассамблеясининг 9 ноябрь куни бўлиб ўтган 78-сессиясида Яқин Шарқдаги вазият ва Фаластин масаласига бағишланган олтита резолюция лойиҳаси кўриб чиқилди. Жумладан, “Исроилнинг босиб олинган Фаластин ҳудудидаги аҳоли пунктлари” номли резолюция лойиҳаси 145 та давлат томонидан ёқланди. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Оккупация қилинган ҳудудларга Шарқий Қуддус, Иордан дарёсининг ғарбий соҳили, Ғазо ва халқаро ҳамжамият Исроил томонидан босиб олинган ерлар деб ҳисоблайдиган Суриянинг Жўлон тепалиги ҳудуди киради.

7 та давлат, хусусан, Канада, Венгрия, Исроил, Маршалл ороллари, Микронезия, Науру, АҚШ резолюцияга қарши чиққан бўлса, 18 та давлат бетараф қолган, 22 давлат вакиллари эса овоз бериш жараёнида қатнашмаган. Қайд этилишича, якуний овоз бериш натижалари юридик кучга эга бўлмайди. Чунки резолюцияга қарши овоз берган АҚШ вето ҳуқуқига эга.

БМТ Бош ассамблеяси, ўз шартларига кўра, босиб олинган Фаластин ҳудудида, жумладан, Шарқий Қуддусда ва Суриянинг Жўлонида аҳоли пунктларини қуриш ҳамда ерларни мусодара қилиш, тинч аҳолини мажбуран кўчириш, де-факто ёки миллий қонунчилик орқали ернинг аннексия қилиниши ва бошқа ҳар қандай фаолиятни қоралайди.

Октябрь ойи охирида 120 та давлат, жумладан, Ўзбекистон БМТ Бош ассамблеясининг Ғазо секторида ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирувчи резолюциясини ёқлаб овоз берганди. 14 та мамлакат бунга қарши чиққан бўлса, 45 та мамлакат бетараф қолган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси