Жамият
Маданият вазирлиги “Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун маданият ва санъат ходимларига субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасининг ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинишига муносабат билдирди.
Муносабатда маданият ва санъат соҳаси вакиллари, ижодкорлар, шунингдек, ушбу соҳада фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчи ва ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш «2022–2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да белгилангани қайд этилган.
Бундан ташқари, президентнинг тегишли қарори билан, маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан узоқ йиллар самарали фаолият олиб борган маданият ва санъат соҳаси вакилларига ҳамда истеъдодли ёш ижодкорларга ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой қийматининг 50 фоизи миқдорида, бироқ уй-жой қийматининг 50 фоизидан юқори бўлмаган миқдорда субсидия берилиши белгилаб қўйилгани эслатиб ўтилган.
Вазирлик муносабатида халқаро миқёсдаги кўрик-танловлар ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаб, Ватан номини улуғлашга ҳамда маданият ва санъат соҳаси ривожига катта ҳисса қўшаётган маданият ва санъат соҳаси вакилларининг аксарияти узоқ йиллардан буён оилавий ётоқхоналарда яшаётгани урғуланган.
“Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда иддао қилинаётганидек, маданият ва санъат соҳаси вакилларининг ҳаммаси ҳам бир хилда тўй-ҳашам, туғилган кун ва ёки бошқа тадбирларда хизмат кўрсатиш, қўшимча даромад топиш имкониятига эга эмас. Лекин шунга қарамай, улар ўз касбига меҳр қўйиб, фидойилик билан меҳнат қилмоқда”, дейилади билдирилган муносабатда.
Вазирлик ушбу қарор лойиҳасига “маданият ва санъат соҳаси вакиллари шаъни ва қадр-қимматини камситиш ёки ёлғон, шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш каби ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаган ҳолда қонунчилик ҳужжатлари юзасидан асосланган таклиф ва мулоҳазалар билдиришни сўради.
Маълумот учун, ҳозирда маданият ва санъат соҳасида 36 мингдан ортиқ ходимлар фаолият олиб боради. Улардан 850 нафардан зиёди олий таълим тизимида, 2500 нафари ўрта ва ўрта махсус таълим тизимида, 12 минг нафардан ортиқ ўқитувчилар болалар мусиқа ва санат мактабларида, 9 минг нафардан кўпроқ мураббийлар маданият марказларида, 6 минг нафардан ортиқ ижодкорлар театр ва цирк соҳасида, 2 900 нафардан ортиқ санъаткор ва ижодкорлар концерт-томоша соҳасида меҳнат қилиб келмоқда.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ