Мирзо Улуғбекнинг ёшлиги акс этган суврат аниқланди

Сақлаш
16:11 / 07.11.2023 1351 0

Мирзо Улуғбекнинг ёшлиги акс этган миниатюра топилди. Бу ҳақда Самарқандда ўтаётган “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси” мавзусидаги ВИИ халқаро конгрессда маълум қилинди.

 

 

Анжуманда Москвадаги Маржоний фонди вакили Галина Ласикова уларда сақланаётган Бухоро қўлёзмалари ва миниатюралари ҳақида маъруза қилди. У номаълум муаллифнинг “Мажлис ал-ушшоқ” (“Ошиқлар мажлиси”) асаридаги миниатюралардан бирида Шайх Ориф Озарий ва ёш Мирзо Улуғбек тасвирлангани ҳақида маълумот берди. Сувратнинг орқа томонида Мирзо Улуғбек тўғрисида матн борлиги ҳам бежиз эмас. Мазкур тасвирий санъат асари XVII асрдаги Бухоро миниатюра мактабига оид дея тахмин қилинмоқда.

 

 

– 2022 йили “Ўзбекистон санъати тарихи” деган китобим уч тилда нашрдан чиқди. Китобнинг ўзбекча варианти муқовасига Москвадаги Маржоний фондида сақланаётган миниатюрани қўйгандик. Сувратда кекса донишманд ёш йигитга дарс бераётгани акс этган. Халқаро конгресснинг биринчи куни бўлиб ўтган “Марказий Осиё тарихи ва санъати: изланишлар ва кашфиётлар” мавзусидаги анжуманда Маржоний фонди вакили Галина Ласикова ушбу сувратда Мирзо Улуғбекнинг ёшлиги акс этгани ҳақида сўзлади. Бу Халқаро конгресснинг ўзига хос сенсациясига айланди, десак адашмаймиз.

 

Яна бир муҳим илмий масала – Мовароуннаҳрда XV асрда миниатюра мактаблари бор эдими, деган савол муҳокама марказида бўлди. Биламизки, Темурийлар даврида Ҳирот, Табриз каби шаҳарларда тасвирий санъат ривожланган. Ўзбекистон заминида эса сал кейинроқ XVI асрда миниатюра мактаби бўлгани илмий тан олинган. Лекин XV аср ҳақида гап кетганда аниқ фикрга келинмаган. Халқаро конгресснинг келгуси йилдаги йиғинларида айни масалага алоҳида аҳамият қаратишга келишиб олдик.

 

Самарқанд шаҳрида “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси” VII халқаро конгресси давом этмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси