Жамият
UzAuto Motors оммабоп автомобиллар учун шартнома очганидан кейин ижтимоий тармоқларда шартнома олишда адолатсизлик бўлаётган ҳақида хабарлар тарқалди. Хусусан Д.К. исмли харидор номига тузилган шартномалар рўйхати (камида 10 дона) акс этган сурат кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Компания эса мазкур хабарларни фейк деб атади.
«3 ноябрда ушбу суратда исми келтирилган фуқаро билан Чевролет автомобилини сотиб олиш бўйича ҳеч қандай шартнома тузилмаган. Бундан ташқари, 3 ноябрь куни шартномалар Chevroletʼнинг фақат L-Style AT модели учун мавжуд бўлган. Аммо расмда бир вақтнинг ўзида Lacetti автомобилларининг камида 4 та комплектацияси, шу жумладан, механик узатмалар қутиси билан жиҳозланган моделини ҳам кўриш мумкин», дейилади хабарда.
Шунингдек, дилерлик маркази ходимлари ёпиқ эшиклар ортидан автомобиль сотиб олиш бўйича 50 та шартнома тузганлиги акс этган видеотасвирлар ҳам кенг тарқалганди.
Компания бунга ҳам изоҳ берар экан, ҳодиса аввалроқ содир этилганини маълум қилди. «Жорий йилнинг ноябрь ойида оммабоп автомобиллар учун очилган шартномаларга мутлақо алоқаси йўқ, буни видео тасвирлардаги аҳолининг ҳозирги мавсумга мос кийимда эмасликларидан ҳам билиш мумкин», дейилади хабарда.
UzAuto Motors бундай ҳолатларга жуда жиддий ёндашади ҳамда компанияга ушбу ҳодиса тўғрисидаги маълумот келиб тушиши биланоқ, ушбу дилерлик марказида шартнома тузиш тизими дарҳол узилган. Бундан ташқари, ушбу салон раҳбариятига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.
«Эслатиб ўтамиз, агар сиз ҳар қайси Chevrolet дилерлик марказларида бу каби ҳолатларга гувоҳ бўлсангиз ёки қонунга зид хатти-ҳаракатларни сезсангиз, дарҳол компаниянинг расмий алоқа каналлари орқали хабар беришингизни сўраймиз. Шундагина бундай муаммоларни бартараф этишимиз, уларнинг фаолиятида ҳалоллик ва ошкораликни таъминлаш бўйича самарали чоралар кўришимиз мумкин», деб қўшимча қилинган хабарга.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ