Илм-фан
Италиянинг Неапол шаҳрида Бухоро вилояти делегацияси ҳамда Луижи Ванвителли номидаги Campania университети раҳбарияти ўртасида Бухоро шаҳрида мазкур университет филиалини ташкил этиш бўйича дастлабки келишув меморандуми имзоланди, деб хабар берди «Дунё» агентлиги.
Маълум қилинишича, учрашувда Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Отабек Акбаров, Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев, Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев, Бухоро муҳандислик-технология институти ректори Нусратилла Баракаев ва Бухоро давлат тиббиёт институти проректори Аҳатжон Насуллаев, Campania университети ректори Жанфранко Николетти, университет проректори Луиджи Маффей, университет халқаро бўлими бошлиғи Сержио Минуччи ҳамда турли факультетларнинг вакиллари қатнашган.
Бухоро шаҳрида Campania университети филиалини очиш билан боғлиқ ташкилий масалалар муҳокама этилган. Имзоланган келишувга асосан филиалда Campania университетининг ўқув дастурлари асосида қурилиш, архитектура, кийимлар дизайни, олий ҳамширалик йўналишларида бакалавр ҳамда магистрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Шунингдек, Бухоро вилоятида мавжуд эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда чарм ва тери маҳсулотларини қайта ишлаш, тиббиёт, фармацевтика ва турли тор мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш таклифи ўртага ташланган.
Филиалда таълим жараёнига Campania университетининг малакали профессор-ўқитувчилари жалб этилиб, талабаларнинг Италияда амалиёт ўташига имконият яратилади.
Ректор Жанфранко Николетти Бухоро шаҳрида Campania университети ўз филиалини ташкил этишдан манфаатдорлиги, 2022 йилнинг баҳорида университет делегациясининг Бухоро шаҳрига ташрифи давомида филиални ташкил этиш бўйича шартномани имзолашга тайёр эканини билдирган.
Филиал фаолияти тўлақонли йўлга қўйилгунга қадар Бухоро муҳандислик-технология институти ҳамда Бухоро давлат тиббиёт университети билан юқорида таъкидланган йўналишлар бўйича қўшма таълим дастурлари амалга оширилади. Бу бўйича Campania университети ҳамда Бухоро олий билим юртлари ўртасида меморандум имзоланган. Томонлар ўртасида қўшма таълим дастурларининг ўқув режалари ва турли ташкилий масалалар батафсил муҳокама этилиб, бу борада ишларни янада жадаллаштиришга келишиб олинган.
Шунингдек, Campania университети ҳамда Бухоро вилояти олий таълим муассасалари ўртасида икки томонлама профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, турли илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳам келишиб олинган. Campania университети мутахассислари Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари илмий лабораторияларини модернизация қилишга кўмаклашиш, ўзбекистонлик талабаларга PhD даражасини олиш учун грантлар ажратиш, ўзбекистонлик профессор-ўқитувчиларни илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун Италияга таклиф этиш ҳамда икки томонлама диплом асосида таҳсил олаётган талабаларнинг Campania университетида ўқишини амалга оширишга тайёрлик билдирилган.
Томонлар, шунингдек, таълим соҳасида бошқа истиқболли масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ