Маданият
Бугун Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги “Халқобод” маданият марказида Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб “Оловлар, чаманлар ичра ўзим бор” мавзусида адабий тадбир ташкил қилинди.
Мамлакатимизда эл суйган адибларнинг номини абадийлаштириш, юбилейини кенг миқёсда нишонлаш анъанаси маънавий-маърифий ислоҳотларнинг узвий қисмига айланиб кетган. Вазирлар Маҳкамасининг “2023 йилда адабиёт, маданият ва санъат, илм-фан соҳалари атоқли намояндаларининг таваллуд саналарини муносиб нишонлаш ва уларнинг фаолиятини кенг тарғиб этиш тўғрисида”ги фармойишида Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи номи ҳам алоҳида зикр этилган.
Атоқли шоир дунёга келган Янгийўл туманида бугун ўтказилган адабий кечани Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев қутлов сўзи билан очди. Рауф Парфининг ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш қилинди.
Анжуманда Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Иномжон Мажидов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, таниқли санъаткор Дадахон Ҳасанов, шоирнинг қўшниси Баҳодир Султонов сўзга чиқиб, Рауф Парфи ҳаёти ва ижоди ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди, шахсий хотираларини сўзлаб беришди.
Айни кунларда миллат шоири Рауф Парфи таваллудининг 80 йиллигига бағишланган маърифий тадбирлар юртимиз бўйлаб давом этмоқда.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ