Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларини табриклади

Сақлаш
09:10 / 25.10.2023 701 0

Шавкат Мирзиёев 25 октябрь — Ўзбекистон Ички ишлар органлари ходимлари куни билан соҳа ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади. Табрик матни Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Давлат раҳбарининг табригида таъкидланишича, сўнгги йилларда ички ишлар органларини чинакам халқчил тузилмага айлантириш, аҳоли учун барча шаҳар ва қишлоқларда хавфсиз яшаш ва меҳнат шароитини яратиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Энг қуйи бўғиндаги вазият ва муаммоларни чуқур ўрганиш асосида ҳар қайси маҳаллани жиноятдан холи ҳудудга айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда 350 дан зиёд маҳаллада ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилган, 9,5 мингга яқин маҳаллада профилактика инспекторлари фаолияти йўлга қўйилган.

Ушбу ишларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилдан бошлаб “маҳалла еттилиги” тизими ташкил этилган. Энди профилактика инспектори ана шу тизимнинг энг фаол аъзосига айланиб, вазиятни хонадонлар кесимида ўрганади. Биринчи навбатда, ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабр кўриш эҳтимоли юқори бўлган фуқароларни аниқлаб, уларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини “маҳалла еттилиги” имкониятларидан фойдаланган ҳолда ҳал этиш чораларини кўради.

“Энг муҳими, жойларда вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, уларни соғлом турмуш тамойиллари асосида тарбиялаш орқали ижтимоий жиҳатдан хавфли хатти-ҳаракатлар содир этилишининг барвақт олдини олиш бўйича амалиёт йўлга қўйилади.

Биз Янги Ўзбекистон шароитида “Барча ислоҳот ва ўзгаришлар – инсон қадрини юксалтириш учун” деган эзгу тамойилга содиқ қолган ҳолда, шу йўлда бошлаган ишларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарур. Бу борада ўтган даврда жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида яратилган мустаҳкам ҳуқуқий базага таянамиз”, — дейилади табрикда.

Шунингдек, президент ички ишлар органлари соҳасига рақамли технологиялар, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларига асосланган замонавий иш юритиш воситалари, сунъий интеллект ёрдамида фаолият кўрсатадиган ахборот-маълумот тизимлари жадал татбиқ этилаётганини таъкидлади.

“Кейинги йилларда ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилди. Жумладан, бўлажак ходимларни болалигидан бошлаб ватанпарварлик руҳида, юқори малакали ҳуқуқшунос сифатида тайёрлаш амалиёти йўлга қўйилди. Ҳар бир ходим навбатдаги унвонни олиши учун мажбурий тарзда касбий малакасини ошириши, раҳбарлик лавозимига тайинланиши учун Ички ишлар вазирлиги академиясининг бошқарув магистратурасида таҳсил олиши белгиланган ва бундай тажриба ўз ижобий самарасини бермоқда”, — дея қайд этади давлат раҳбари.

Шу билан бирга, таъкидланишича, ички ишлар органлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматларининг 80 фоизи электрон шаклга ўтказилиб, тизимда бюрократия ва фуқароларни сарсон қилиш ҳолатлари бартараф этилади. Ҳар бир фаолият йўналиши бўйича ижтимоий фикрни ўрганиш ва жамоатчилик томонидан мониторинг қилиб бориш амалиётини “маҳалла – туман – вилоят – республика” тамойили асосида ташкил этиш чораларини кўриш лозим.

“Мухтасар айтганда, ички ишлар тизимидаги ислоҳотларимизнинг амалий натижасини соҳанинг ҳар бир ходими, биринчи навбатда, халқимиз ўз кундалик ҳаётида сезиши шарт”, — дейди президент.

Маълумот учун, “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунга кўра, 25 октябрь Ўзбекистон Ички ишлар органлари ходимлари куни этиб белгиланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси