Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси ўз миссиясини якунлади

Сақлаш
15:10 / 23.10.2023 1022 0

Дипломатик миссияси якунланиши муносабати билан Ўзбекистон элчиси Отабек Акбаров Рим шаҳрида Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирининг ўринбосари Эдмондо Чириелли билан учрашди, дея хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

 

Эдмондо Чириелли дипломатик миссия раҳбарининг беш йиллик фаолиятини ижобий баҳолаган ва Италия ТИВ номидан икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариш, уларга кўп қиррали ва барқарор тус бериш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун Акбаровга миннатдорчилик изҳор қилган.

 

«Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 8-9 июнь кунлари Италияга расмий ташрифи чоғида икки давлат ўртасида Стратегик шериклик муносабатларини йўлга қўйиш тўғрисида қўшма декларация қабул қилинганининг аҳамияти таъкидланди. Шу тариқа Италия Ғарбий Европа давлатларидан биринчи бўлиб Ўзбекистон билан бундай юксак даражадаги алоқаларни ўрнатди. Декларацияга кўра, ташқи ишлар вазирлари даражасида икки томонлама муносабатларнинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар йўналишларининг бутун мажмуасини, шунингдек, томонларни қизиқтирган халқаро масалаларни қамраб олувчи Стратегик мулоқот механизми шакллантирилади», дейилади хабарда.

 

2018 йил август ойида Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси этиб тайинланган Отабек Акбаров бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг Грециядаги элчиси ҳамда республиканинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (ИФАД) ва Жаҳон озиқ-овқат дастури (WФП)даги доимий вакили сифатида ҳам фаолият юритган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси