Жамият
Бухоронинг ғарбидаги Регистон майдонига яқин бўлган ҳудудда жойлашган Сомонийлар маданият ва истироҳат боғига кириш дарвозаси ёнида XVI асрга – шайбонийлар даврига оид “Мавлоно Асирий” ҳовузи топилди.
Xabar нашрига кўра, Бухоро вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ер остида кўмилиб қолган ҳовузларни қайта тиклаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
“Қадим Бухоронинг остида ҳам, устида ҳам буюк мерос бор. Бугун ер остида қолиб кетган ана шундай тарихий мерос – Бухорода мавжуд бўлган 114 та ҳовузлардан бири – “Мавлоно Асирий” ҳовузи қолдиқлари топилди. Археологик қазишма ишлари натижасида топилган ушбу ҳовузнинг зиналари 5 метр чуқурликда экани аниқланди. Ҳовузларнинг топилишида асосан, эски ва йирик тут дарахтлари гувоҳлик беради. Қаерда шундай тутлар бўлса, билингки, у ерда ҳовуз бўлган.
Шунингдек, Мавлоно Асирий мадрасаси олдидаги бу ҳовузда ўтган асрларда пухта ишланган қадимий карталар асосида қазилма ишларини бошладик. Ҳовуз қадимда ғиштлар билан ёпилган тазарлар, яъни ер ости йўллари орқали келган сувлар билан тўлдирилган. Ушбу ҳовуз хўжалик ҳовузи саналиб, бир томонидан зинапояли бўлган. Вертикал деворлари гулганж билан безатилган. Зиналарнинг пишиқ, мустаҳкам бўлиши учун тошлар ости ва орасига тут ёғочи қўйилган. Ҳовуз сатҳини бегона ўтлар қопламаслиги учун ҳам зарур чоралар кўрилган. Шунингдек, тут дарахтлари илдизларининг ҳовуз деворлари мустаҳкамлигини ушлаб туриши инобатга олиниб, унинг атрофига тут дарахтлари ўтқазилган. Негаки, ҳовуз атрофида ўстирилган тут ҳамда гужумлар ерости сизот сувларининг юқорига кўтарилишига ғов бўлади ва атрофидаги мадрасаю масжидларнинг пойдеворларини ҳам захланишдан ҳимоя қилади”, – дейди архитектор Зойиршоҳ Қиличев.
Самарқанд археология институти етакчи илмий ходими, Бухоро археологик экспедицияси бошлиғи Жамолиддин Мирзааҳмедовнинг сўзига кўра, “Мавлоно Асирий” ҳовузининг сувлари халққа тўлов асосида тарқатилган.
“Бухоро шароитида қадимдан сув жуда мўл бўлган. Зарафшон дарёси оқимлари минглаб йиллар давомида пастга қуйилиб келган. Сув шу қадар кўп бўлганки, Зарафшон сувлари Амударёга қўшилган. Кейинчалик Самарқанд тарафда аҳоли сони ўсиб, сувга эҳтиёж ошгач, юзлаб йиллар мобайнида сув камайишни бошлаган. Сув камайиши билан сувни тежаш учун шаҳар аҳолиси учун ҳовузлар қурилган. Бу ҳовуздан ўрта асрлардан, бундан тахминан минг, бир ярим минг йил илгари фойдалана бошланган. Айнан “Мавлоно Асирий” ҳовузи сувлари аҳолига бугунги сингари шартнома, яъни тўлов орқали тарқатилган”, – деди Жамолиддин Мирзааҳмедов.
Маълум бўлишича, Шайбонийхон I даврида Абдуллохон томонидан катта шаҳарсозлик ишлари амалга оширилган. Сувни асраб, тўплаб турадиган ҳовузлар сони ва сифати талаб даражасида маромига етказиб барпо этилган.
Архитектор Зойиршоҳ Қиличев “Мавлоно Асирий” ҳовузи топилгунига қадар “Исмоил Сомоний”, “Гавкушон”, “Ҳафзи нав” каби ҳовузларнинг ҳам топилганини билдирди.
Маълумот ўрнида, Мавлоно Асирий XVI асрнинг 2-ярми – 1640 йилларда яшаб ўтган шоир бўлиб, унинг ижоди ва ҳаётий фаолияти, деярли, тадқиқ этилмаган.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Маданият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ