Тошкент вилоятида чиқиндиларни 2 марта белгиланмаган жойга тўккан фуқаронинг машинаси мусодара қилинмоқда

Сақлаш
17:19 / 29.09.2023 2269 0

Тошкент вилояти Тошкент туманида фуқаро иккинчи марта белгиланмаган жойга қурилиш чиқиндиларини тўкиб кетгани учун унинг юк машинаси мусодара қилинадиган бўлди.

Экология вазирлигининг хабар беришича, фуқаро Қорасарой маҳалласидан оқиб ўтувчи сув бўйига “Зил” юк машинасида қурилиш чиқиндиларини тўкиб кетган. Унинг бу ҳаракатлари ҳудуддаги хонадонлардан бирига ўрнатилган кузатув камерасига тушиб қолган.

Шу сабабли фуқаро 7 сентябр куни БҲМнинг 5 баробари миқдорида, яъни 1 млн 650 минг сўм жаримага тортилган.

Аммо орадан 8 кун ўтиб, фуқаро томонидан бу ҳуқуқбузарлик такроран содир этилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-прим 1-моддасида ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилган бўлса, ҳуқуқбузарлик қуроли мусодара қилиниши белгиланган.

Шунга асосан унинг транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига қўйилиб, мусодара қилиниши юзасидан ҳужжатлар тўпланиб, судга даъво аризаси киритилмоқда.

Ўзбекистонда 2023 йилнинг 8 ойида чиқиндиларни нотўғри жойга ташлаш билан боғлиқ 11 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқланган. Шунинг 600 дан ортиғи онлайн кузатув камералари орқали қайд этилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//