Жамият
Улуғ мутафаккир, қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда ўтказилаётган “Абу Райҳон илмий меросининг жаҳон фани ривожидаги ўрни” халқаро илмий-амалий конференциясининг илк куни Қорақалпоғистонда ўтганидан хабарингиз бор. Конференция бугундан эътиборан Хоразм вилоятида давом этмоқда.
“Оламшумул кашфиётлари билан жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккир ва қомусий олим, Илк Ренессанс даврининг ёрқин намояндаси Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий меросини янада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йилнинг 25 август куни “Буюк олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши буюк аждодимизга бўлган чуқур эҳтиром сифатида тарихий қадам бўлди.
Аждодларимиз томонидан қолдирилган юксак илмий-маънавий меросни ҳар томонлама тадқиқ қилиш Янги Ўзбекистоннинг ирфоний ва руҳий асосларини мустакамлаш, янги тадқиқотлар ва илмий мактабларни яратиш ва ривожлантиришнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади” – дея таъкидлади Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо. Дарҳақиқат, мамлакатимиз Президенти қарори билан буюк аллома ҳаёти ва фаолияти янада эътиборга тушди, унинг ўзбек тилида бор илмий асарлари 8 жилдлик китобда йиғилди, ҳали ўзбек тилига таржима қилинмаган асарлари олимлар томонидан қисқа муддатда нашрга тайёрланди, яна қанча оригинал китобларининг факсемиле вариантлари яратилди.
Хоразм вилояти Маънавият ва маърифат марказига ташриф буюрган иштирокчилар ҳамда меҳмонлар мутафаккир ҳаёти ва илмий фаолияти кўрсатиб берилган саҳна кўриниши томоша қилдилар. Берунийнинг илмий мероси математика, филология, астрономия, жуғрофия, минерология, хронология, фалсафа ва бошқаларга доир 150 дан ошиқ китобларни ўз ичига олади ва ушбу асарлар яратилиши аввало бобокалонимизнинг кенг дунёқараши ва ўзи боғланган илдизларни англаб етиши билан боғлиқ экани саҳнада актёрлар жамоаси томонидан кўрсатиб берилди.
“Беруний жаҳон фан ривожланишига катта ҳисса қўшган мутафаккирдир. У ҳинд маданияти ҳақида ёзаркан, бу маданиятни юнон тамаддуни билан солиштирди. Ҳиндистонда 14 йил яшаган олим жуда кўп асарлар ёзган бўлсада, уларнинг энг буюги Ҳиндистон асаридир” – дейди халқаро анжуман иштирокчиси, Қоҳира университети тиллар кафедраси профессори Жалал Олсаид Алҳефнавий.
Юбилей доирасидаги тадбирлар Нуриллабой саройи ҳамда афсонавий очиқ осмон остидаги музей – Хива, Ичанқалъада давом этади.
Бугун кечки 7 да конференциянинг Хоразм вилоятидаги қисми якунига етади ва иштирокчилар “Абу Райҳон Беруний илмий меросининг жаҳон фани ривожидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияни охирига етказиш учун Тошкентга қайтадилар.
Эслатиб ўтамиз, ушбу илмий-амалий анжуманда АҚШ, Италия, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Индонезия, Малайзия, Миср, Саудия Арабистони, Хитой, Россия, Озорбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, ва Қозоғистондан келган 25 нафар олим қатнашаётган бўлиб, ундан ташқари юртимизнинг таниқли олимлари, зиёлилар, санъат ва маданият вакиллари, “Маърифат” тарғиботчилари, журналист ва блогерлар ҳам иштирок этмоқдалар.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ