Измир кўчаларидан бирига Амир Темур номини бериш таклиф қилинди

Сақлаш
15:19 / 01.12.2021 1116 0

Туркиянинг Эге университети Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти билан ҳамкорликда «Амир Темур ва Измир» мавзусида халқаро анжуман ўтказди.

 

29–30 ноябрь кунлари Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Эрон олимлари Амир Темур шахсияти ва тарихини чуқурроқ ўрганиш, янги тадқиқотларни юзага чиқариш, бу борада илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш минтақа халқларининг янада яқинлашувига хизмат қилиши юзасидан фикр алмашди.

 

 

Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Туркия ва Ўзбекистон мадҳияси янгради. Эге университети ректори, профессор Неждет Будак табрик сўзида измирликлар Амир Темур олдида маънавий қарздорлик эканини таъкидлади. Ҳазрат Соҳибқирон хотирасини абадийлаштириш мақсадида Измир кўчалари, маданий масканларига унинг номини бериш таклифи билдирилди. Анжуманнинг тўрт шуъбасида янгидан-янги илмий тадқиқотларга бағишланган маърузалар тингланди.

 

– Амир Темур ҳақида бир ёқлама манбалардан воз кечиб, қардош халқлар олимлари тарихий ҳақиқатларни баҳамжиҳат тиклашимиз ва жаҳонга, хусусан, турк дунёсига тарғиб этишимиз керак, – деди ЎзРФА Тарих институти директори ўринбосари Шерзодхон Маҳмудов.

 

Эслатиб ўтамиз, Республика Маънавият ва маърифат маркази 28–30 сентябрь кунлари ташкил этган «Амир Темур – дунё олимлари ва адиблари нигоҳида» мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда Эге университети вакиллари Али Усмон Қоратой ва Эмин Зафер Эрсўз қатнашиб, ушбу «Амир Темур ва Измир» мавзусида халқаро анжуман ўтказилиши ҳақида маълум қилган эди.

 

Профессор Али Усмон Қоратой oyina.uz порталига берган интервьюсида, жумладан, шундай деганди:

 

– Амир Темурдек жаҳон ҳукмдори туғилиб-ўсган манзилларни зиёрат қилишдан жуда туйғуландим. У турк тарихининг энг буюк қаҳрамонларидан биридир. Мен яшаётган шаҳар учун ҳам ғоят аҳамиятли зот. Измир –Туркиянинг рамзи, чунки Измир қутқарилган кун – Туркия қутқарилган. Мустақиллик мужодаласи шу билан тамомланган. Тўғри, шаҳарни Мустафо Камол Отатурк озод қилган, аммо Измирни турк дунёсига абадий армуғон этган Амир Темур бўлади.

Юз йил илгари бизда империалистик кучларга қарши озодлик уруши кетаётганда Бухоро амирлигидан уч дона қилич юборилган. Улар Амир Темурга тегишли бўлган. Шундан биттаси олти аср илгари Измир фатҳ қилинганда ҳам ишлатилган экан. Анқара ҳукумати қуролли кучларини йиғиб, Измирга йўналганда шаҳарга ҳужум уюштирадиган Фахриддин Пошонинг қўлида Амир Темурнинг қиличи бор эди. Жудаям муҳим тарихий воқеа. Жудаям кучли рамзий маънога эга бу! Олти юз йил аввал Амир Темур Измирни фатҳ этди. Юз йил аввал Амир Темурнинг қиличи Измирни озод этди. Шу боис туркияликлар, хусусан, измирликларнинг Амир Темурга ташаккури зиёда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//