Россиядаги Амир Темур шарафига қуриладиган меъморий ансамблда масжид ва ибодатхона ҳам бўлиши керак – ўлкашунос олим таклиф билан чиқди

Сақлаш
16:44 / 30.11.2021 940 0

Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳарбий тарихни ўрганиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида (17.11.2021) Россияда Амир Темурга бағишлаб ҳайкал ўрнатиш учун танлов эълон қилиш кўзда тутилган.

Қарорга кўра, «Россиянинг Самара вилоятидаги Кондурча воҳасида маҳаллий ўлкашунослар томонидан буюк ҳарбий саркарда Амир Темурга бағишлаб ўрнатилган ёдгорлик тоши ўрнида Амир Темур ва унинг ҳарбий саркардалари ифодаланган композицион ҳайкал ўрнатиш бўйича кўрик-танлов эълон қилиш ҳамда танлов натижаларига кўра ғолиб бўлган ҳайкал мажмуасини ўрнатиш юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Маданият вазирлиги билан меморандум тузиш ишларини олиб бориш» белгиланган.

 

Яқинда юртимизда бўлиб ўтган «Амир Темур – дунё олимлари ва адиблари нигоҳида» мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман иштирокчиси, россиялик ўлкашунос олим Александр Назаров ушбу қарор юзасидан ўз таклифини билдирди:

– Қарорнинг эълон қилиниши Россия ва Қозоғистон жамоат ва илмий ташкилотлари ўртасида қизғин муҳокамалар бошланишига сабаб бўлди. Ёдгорлик қандай кўринишда бўлади, бу ҳозирча номаълум, аммо ҳайкалтарошлик мажмуаси яратилишида кўпмиллатли Самара ўлкаси ва Россиянинг бошқа минтақаларидаги турли халқлар, уларнинг диний ва маънавий қадриятларини самимий ҳис этиш мақсадга мувофиқ, – дейди у.

 

Ўлкашунос олим ушбу меъморий ансамблда масжид ва ибодатхона қурилиши, тарихий жангда ҳалок бўлган аскарлар руҳига тиловат қилиш ва бошқа диний маросимлар учун имконият яратилиши керак деб ҳисоблайди.

– Жанг майдони ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Манзилни топиш учун тадқиқот жараёнида катта ландшафтларни замонавий сканер қилиш орқали ўрганадиган махсус қурилмалардан фойдаланишга эҳтиёж сезилади. Красноярск ўлкасининг Кочкари қишлоғи яқинида – Кондурча ва Сок дарёсининг қўшилиш ирмоғида 2011 йили Александр Опорни томонидан ўрнатилган ёдгорлик тошигина бизга олис ўтмишдаги буюк жангни эслатиб туради, – дейди Александр Назаров.

1391 йили Амир Темур ва Тўхтамишхон ўртасида бўлиб ўтган муҳорабада икки томондан 400 минг киши қатнашгани айтилади. Кўпгина тарихчиларга кўра, Турон султони берган зарбалардан сўнг Олтин Ўрда ҳокимияти тамомила путурдан кетади. Оқибатда Москва мўғул империяси истибдодидан халос бўлиб, ёш Россия давлатининг ривожланишига йўл очилади.

Ўлкашунос олим Александр Назаров Самарада Амир Темурнинг тарихий ғалабасига бағишлаб композицион ёдгорлик ўрнатиш Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муҳим маданий воқеа бўлишини таъкидлаб, ушбу меъморий мажмуанинг Курумоч халқаро аэропорти яқинида барпо этилиши мақсадга мувофиқ бўлишини илгари сурмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//