Ўзбекистон Миллий университетида Москва Давлат университети билан ҳамкорликда Стратегия кафедраси ташкил этилади

Сақлаш
19:22 / 07.09.2023 884 0

Ўзбекистонда профессионал стратег-мутахассислар тайёрлаш тизимини яратиш учун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Иномжон Мажидов академик Владимир Квинт билан учрашуви давомида Миллий университетда Стратегия кафедрасини яратиш ғоясини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.

 

Қайд этилишича, ЎзМУ Стратегия кафедрасининг услубий ва илмий-педагогик базасини шакллантириш учун Ломоносов номидаги Москва Давлат университетининг 17 йилдан бери муваффақиятли фаолият юритиб, профессионал стратеглар авлодини тайёрлаб келаётган кафедраси тажрибасидан фойдаланишга қарор қилинди.

 

Россия стратегия мактабининг асосчиси, стратегия назарияси ва стратегиялаш методологияси бўйича дунёдаги энг йирик мутахассис, академик Владимир Лвович Квинт Ўзбекистонда ташкил этилаётган Стратегия кафедрасини илмий раҳбар сифатида бошқаришга тайёрлигини тасдиқлади. Академик В.Л. Квинт томонидан ишлаб чиқилган стратегия назарияси ва стратегиялаш методологияси дунёнинг кўплаб мамлакатларида ва сўнгги 15 йил ичида Россияда стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш амалиётида ҳам, ўқув жараёнларида ҳам муваффақиятли қўлланилмоқда.

 

Амалий стратегияларни ишлаб чиқиш ва стратегияни фан сифатида ишлаб чиққани учун В.Л.Квинт бир қатор мукофотлар, жумладан, “Дўстлик” ордени билан тақдирланган, “Амир Темурнинг стратегик етакчилиги: Тузукларга шарҳлар” фундаментал илмий иши учун эса 2023-йил 25 августда Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти билан тақдирланган. Россия Президенти В.В.Путин Владимир Львовичнинг хизматларини эътироф этиб, Александр Невский ордени билан тақдирлади.

 

Профессионал стратегларни тайёрлаш дастури стратегияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнининг турли жиҳатларини очиб берувчи услубий асослардан тортиб тармоқ, ҳудудий, корпоратив стратегия, стратегик етакчилик ва инсон ресурсларини стратегик бошқариш каби 35 та фанни ўз ичига олади. Стратегия кафедраси дастури бўйича таҳсил олувчи талабалар иқтисодий, молиявий ва технологик стратегия асослари бўйича тўғридан-тўғри ушбу илмий мактаб асосчисидан, шунингдек, миллий, тармоқ, ҳудудий ва корпоратив даражадаги минтақавий стратегияларни ўқитиш ва ишлаб чиқиш тажрибасига эга бўлган етакчи мутахассислардан сабоқ олиш имкониятига эга бўлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//