Кўзи ожиз болалар мактабида 15 йилдан бери ишлаётган Зарина Олимовага «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони берилди

Сақлаш
23:20 / 29.11.2021 986 0

Зарина Олимова яқинда «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирланди. У имконияти чекланган бўлишига қарамай, қалби ёниқ ижодкор, жамиятнинг фаол аъзоси. Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси қошида ташкил қилинган «Ёш адабиётчилар» тўгарагини бошқаради. «Тафаккур жилолари», «Туйғулар соҳили» шеърий китоблари, ўттиздан ортиқ илмий мақолалар муаллифи.

 

Ғайратли, тиниб-тинчимас, ўз ишини жону дилдан севувчи Заринага кўпларнинг ҳаваси келади. Нукус шаҳридаги 10-сонли кўзи ожиз, заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ўн беш йилдан буён давлат тили фанидан сабоқ бериб келади. Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг Қорақалпоғистон бўлими ҳамда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда мактаб-интернатда шоир-ёзувчилар билан учрашувлар, китоб тақдимотлари ҳамда кўрик-танловлар ўтказади.

 

– Биринчи гуруҳ ногирониман. Аммо ўзимни имконияти чекланган инсон деб ҳисобламайман. Оллоҳга шукр, тани-жоним соғ, қўл-оёғим ишлайди. Қолаверса, давлатимиз бизга доим шарт-шароитлар яратиб беради. Ахборот-коммуникация технологияларидан, аудио материаллардан кўпроқ фойдаланаман. Мақолаларимни ўзим компьютерда ёзаман. Расмли қоғоздан кўргазмали қуроллар тайёрлайман, – дейди қаҳрамонимиз.

 

– Бунча куч-ғайратни қаердан оласиз?

 

– Оиламдан оламан. Ишдан чарчаб келганимда фарзандимнинг ширин кулгилари, қилиқлари қалбимни чароғон айлайди, чарчоғимни аритади. Турмуш ўртоғим доимо мени қўллаб-қувватлайди. У ишни қилишинг керак, бу ишни қилишинг керак, деб доимо олға интилишга ундайди. Жамиятда ўз ўрнига эга инсонларга ҳавасдаман. Ютуқларидан суюнаман, илҳомланаман. Шуларнинг барчаси менга куч-ғайрат бағишлайди.

Ойгул УБАЙДУЛЛА қизи,

Республика Маънавият ва маърифат маркази ходими

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//