Бу худди Маркеснинг “Ошкора қотиллик қиссаси”га ўхшайди – Хушнудбек Худойбердиев Темурбеклар мактаби битирувчиларига бериладиган имтиёз ҳақида

Сақлаш
22:09 / 22.08.2023 1325 0

Блогер, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Темурбеклар мактаби битирувчиларига берилган имтиёзни танқид қилди ва буни қизларни камситиш деб атади.

 

Блогерга кўра, мандат натижалари чиққач, Темурбеклар мактаби битирувчиларига бериладиган қўшимча балл тарзидаги имтиёз нақадар адолатсизлик эканлиги яна бир бор ўз исботини топган.

 

“Масалан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро муносабатлар йўналишида давлат гранти учун ўтиш бали 205,2 баллни ташкил этган. Натижада ўз кучи билан, ҳеч қандай имтиёзсиз 189 балл олган бир неча абитуриент контрактга кирган. Тасаввур қиляпсизми, улар барча саволларга 100% тўғри жавоб берган, тўплаш мумкин бўлган максимал баллни тўплашган, қўлидан келадиган ҳамма ишни қилган. Аммо...

 

Аммо бизнинг “ўта ақлли” масъулларимиз ўйлаб топган ўта АДОЛАТСИЗ имтиёз натижасида давлат бюджетидан энг зўр шароитлар билан таъминлаб қўйилган мактабнинг битирувчилари ГАРЧИ ПАСТ БАЛЛ олган бўлса ҳам, ўша максимал балл олганлардан юқорига чиқиб, давлат гранти учун ажратилган барча ўринни банд қилишган.

 

189 балл билан контрактга кирган абитуриентларнинг 3 нафари қиз болалар (юқоридаги суратларда уларнинг натижаси). Қизларни контрактда ўқитиш бизда нимани англатишни жуда яхши биласизлар. Нега энди улар шунчаки қиз болалиги учун МАКСИМАЛ балл тўпласа ҳам контрактда ўқиши керак? Унинг айби қиз болалигидами?», дея ёзмоқда у.

 

 

 

 

 

189 балл тўплаганларга Президент гранти берилади ва улар бюджетда ўқисада, бу муаммонинг ечими эмаслигини билдирган.

 

“Унда 187,9 балл тўплаган қизларчи? Улар мажбурий фандан атиги 1 тагина хато қилган ва энди 4 йил контрактда ўқиши керак. Бечора қизлар, хато қилишга ҳаққи йўқ қизлар...

 

Аввалги эътирозларга ҳам ҳеч ким ҳеч қанақа муносабат билдирмаганди, бунисига ҳам шунақа бўлса керак. Бу худди Маркеснинг “Ошкора қотиллик қиссаси”га ўхшайди. Ҳамма адолатсизликни кўриб, билиб турибди, аммо ҳамма кўрмаганга олади, биров индамайди”, дея фикрини якунлаган блогер.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//