25 августгача талабаларнинг турар жой билан таъминлаш жараёни тўлиқ якунланади – Вазирлик 

Сақлаш
22:15 / 17.08.2023 923 0

Ҳозирда олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан талабаларни турар жойлар билан таъминлаш бўйича республика миқёсида 38 минг ўринли 83 та талабалар турар жойларини барпо этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот бермоқда. 

 

Унга кўра, давлат-хусусий шериклик асосида 23 минг 494 ўринли 50 та, олийгоҳ ва бюджет маблағлари ва олийгоҳларнинг тўлиқ ўз маблағлари ҳамда инвестиция дастури доирасида 10 минг 660 ўринли 21 та талабалар турар жойлари қурилиши учун зарур маблағлар ажратилди.

 

2023 йил якунига қадар Республика бўйича 18 минг ўринли талабалар турар жойларини фойдаланишга топшириш вазифаси белгиланган ва йил якунига қадар улар тўлиқ қуриб битказилади. 2023 йил 1 июль ҳолатига 4 минг 702 ўринли 12 та талабалар турар жойлари фойдаланишга топширилди. Айни пайтда 24 минг 394 ўринли 51 та талабалар турар жойлари қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда. Жорий йилнинг сентябрь ойида, яъни, янги ўқув йили бошланишига қадар республика бўйича жами 6 минг 400 ўринли 11 та талабалар турар жойлари фойдаланишга топширилади.

 

Ижара уйларига бўлган эҳтиёж энг юқори бўлган ва янги ўқув йили бошида муаммо юзага келадиган Тошкент шаҳрида талабаларни турар жой билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган талабалар ётоқхонаси мавжуд 31 та давлат олий таълим муассасаларида жами 272 минг нафар талабалар таҳсил олмоқда. Уларнинг 159 минг 732 нафари кундузги таълим шаклида ўқийди. Ушбу талабаларнинг 68 минг 400 нафари ёки 43 фоизи ўз уйи ва яқин қариндошлари уйида истиқомат қилади.

 

Сентябрь ойининг биринчи ўн кунлигида талабалар турар жойларини тарқатиш, тақсимлаш жараёнида навбатлар ҳосил бўлишини олдини олиш мақсадида белгиланган тартиб ва мезонларга мувофиқ юқори курс талабаларига ётоқхоналар олдиндан (1-босқич талабаларига ТТЖдаги ўринларнинг 60 фоизини сақлаб қолган ҳолда) тақсимланди.

 

Шу тартибда барча курслар билан қўшиб ҳисоблаганда Тошкент шаҳрида 42 минг 300 нафар ёки 27 фоиз талабалар мавжуд 100 та Талабалар турар жойларига жойлаштириладиган бўлди.

 

Ҳозирги кунда 48 минг 976 нафар талабалар (30 фоиз) турар жойларига муҳтож бўлиб, улар ижара шартлари асосида хусусий хонадонларда яшашига тўғри келади. Тюторлар орқали ушбу талабалар билан суҳбатлашилганда 23 минг 774 нафар талабалар (2, 3, 4-курслар) Тошкент шаҳрида ижара хонадони мавжуд эканлигини маълум қилишган. Яъни, уларнинг аксарияти аввалдан яшаб келаётган ижара уйларини сақлаб қолишган ёки олдиндан ижара уйларини банд қилиб қўйишган.

 

Шу ҳолатда ижара хонадонларига жойлашишга муҳтож бўлган, яъни ётоқхонадан жой берилмаган, ўз уйи, яқин қариндоши мавжуд бўлмаган ва ижара хонадони ҳам аниқ бўлмаган талабалар 25 минг 202 нафарни ташкил этмоқда. Ана шу таҳлиллардан келиб чиқиб, олий таълим муассасаларида барча тюторларни тўлиқ жалб қилган ҳолда маҳалла раислари билан ҳамкорликда бўш турган ижара хонадонларини топиш ишлари амалга оширилди.

 

Уй эгалари билан бирма-бир суҳбатдан кейин жами 8 минг 438 та ижара хонадонларининг манзилли рўйхатлари шакллантирилди. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур хонадонларга 24 минг 254 нафар талабаларни жойлаштириш имкони мавжуд.

 

Айни пайтда қолган 948 нафар талабага қўшимча ижара уйларини топиш ишлари давом этмоқда. Айни пайтда бўш турган ижара хонадонлари тўғрисидаги манзилли рўйхат барча талабаларга етказилмоқда.

 

Қайд этилишича, жорий йилнинг 25 августига қадар талабаларнинг турар жой билан таъминлаш жараёнини тўлиқ якунлаш кўзда тутилмоқда ва бу борада кунлик мониторинг йўлга қўйилган.

 

Шунингдек, ҳар бир олий таълим муассасасида талабалар ва уларнинг ота-оналарини кутиб оладиган, уларга зарур кўрсатма ва маълумотлар берадиган масъуллар белгиланиши таъминланади. Талабаларни талабалар турар жойларига жойлаштириш бўйича ёрдам кўрсатиш марказларига тажрибали волонтёрлар бириктирилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//