Қурғоқчилик, шўрланиш ва касалликларга чидамли ғўза навлари намойиш этилди

Сақлаш
02:37 / 28.11.2021 964 0

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлигида 22-27 ноябрь кунлари бўлиб ўтган «InnoWeek.Uz-2021» халқаро инновацион ғоялар ҳафталигида Геномика ва биоинформатика маркази ҳам ўз илмий ишланмалари билан муносиб қатнашди.

 

Марказ олимлари томонидан яратилган янги Порлоқ-1, Порлоқ-3, Порлоқ-4, Порлоқ-5, Порлоқ-7, Равнақ-1 ва Равнақ-2 ғўза навлари қурғоқчиликка, шўрланишга чидамли ҳамда тола сифати ва ҳосилдорлиги юқори бўлганлиги сабабли, ушбу инновацион ғоялар ҳафталигига ташриф буюрган пахта етиштирувчи фермерлар ва агрокластерда катта қизиқиш уйғотди. Мазкур ярмаркада ушбу ғўза навлари уруғлик чигитларини 2022 йил ҳосили учун етиштириш бўйича фермер хўжаликлари ва агрокластерлар билан 220 миллион сўмлик шартномалар имзоланди.

 

Порлоқ-4 ғўза нави 2021 йилда Қашқадарё вилоятида фермер хўжаликлари ва агрокластерлар томонидан 25 минг гектар майдонда етиштирилиб, вилоят бўйича энг юқори кўрсатгичга яъни, гектаридан ўртача 50-55 центнергача ҳосил олишга эришилди. Бу эса Порлоқ-4 ғўза навини етиштирган фермерларинг юқори даромадга эришишига олиб келди. Бундан ташқари вилоятда ғўзанинг янги Порлоқ-3, Порлоқ-5, Порлоқ-7 ғўза навлари элита авлодли уруғликлари етиштирилиб, кенг қамровли синов ишлари олиб борилди ва уруғлик пахта хом ашёси жамғарилди. Ушбу ғўза навлари ҳам Қашқадарё вилоятининг ноқулай иссиқ гармсел шароитига ўзининг бардошлилигини кўрсатиб, гектаридан 40-45 центнер ҳосил олишга эришилди. Вилоятнинг кўплаб фермерлари ва агрокластерлари қизиқиш билдириб, келгуси 2022 йил ҳосили учун ушбу ғўза навларни етиштириш таклиф ва талабларини билдирди.

 

Булардан ташқари, Порлоқ-4 ғўза нави жорий йилда Наманган вилоятида «Порлоқ Чуст» брендини яратиш мақсадида қарийб 500 гектар майдонда етиштирилиб, юқори ҳосил олишга эришилди. Айниқса, Чуст туманида ушбу навдан бошқа навларга нисбатан гектаридан 10 центнергача юқори ҳосил олишга муваффақ бўлинди. Бу эса фермерлар ва агрокластер қизиқиши ортишига ҳамда келгуси 2022 йил ҳосили учун туманнинг ўзида 2000 гектар майдонда Порлоқ-4 ғўза нави етиштириш бўйича таклифини берди.

 

Маълумки, Бухоро вилоятида пахтачиликда вилт касаллиги катта зарар келтиради. Ушбу вилоятда етиштирилган Порлоқ-2 ғўза нави фузариозли вилт патогенига чидамли бўлганлиги сабабли, экилган майдонлардан тўлиқ ғўза ниҳоллари олишга эришилди. Ғўза ниҳолларининг соғлом ва бақувват ривожланиши Порлоқ-2 навидан юқори ҳосил олишга замин яратди. Шунингдек, Геномика ва биоинформатика марказида вилт патогенига юқори даражада чидамли янги биотехнологик «Бардош» ғўза нави яратилган бўлиб, ушбу навни ҳам Бухоро вилоятида экилиб, синов ишлари олиб борилди ва ижобий натижаларга эришилди. Ҳозирда Бухоро вилояти фермерларига тақдим этиш мақсадида, ушбу навнинг уруғлари кўпайтирилмоқда.

 

Марказ олимлари томонидан ДНК маркерларига асосланган селекция усулида яратилган тола сифати ва ҳосилдорлиги юқори бўлган, эртапишар Равнақ-1 ва Равнақ-2 ғўза навлари яратилган бўлиб, жорий йилда Равнақ-1 нави Тошкент, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида етиштирилиб, юқори ҳосил олишга эришилди. Ушбу нав эртапишарлиги ва ҳосилдорлиги юқори бўлганлиги сабабли, келгуси йилда ҳам етиштириш бўйича фермерлар таклифларини билдирмоқда. Шунингдек, Равнақ-2 ғўза нави ҳам тола чиқими юқори эртапишар нав бўлиб, жорий йилда Республикамизнинг шимолий ҳудуди ҳисобланган Қорақалпоғистон Республикасида элита авлодли уруғликлари етиштирилиб, гектаридан 40 центнердан юқори ҳосил олинди. Келгуси йилда ушбу навни етиштириш учун фермер хўжаликлари ва агрокластерлар томонидан таклифлар билдирилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//