«InnoWeek.Uz-2021»инновацион ғоялар ҳафталиги ўз ишини якунлади

Сақлаш
16:34 / 27.11.2021 819 0

Ўтган бир ҳафта давомида Инновацион ривожланиш вазирлиги нафақат Ўзбекистон, балки хорижий илм-фан намоёндалари, олимлар, тадқиқотчилар, йирик компаниялар учун илм-фан ва инновацияларни бир жойга жамлаган маконга айланди. Маҳаллий ва хорижий Оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида бўлди. Ҳафталик давомида ўтказилган турли тадбирлар, мусобақалар, анжуманлар ва тақдимотлар ташриф буюрувчиларда катта таассурот уйғотди.

 

– Ҳафталик доирасида тадбирларимизга келган меҳмонлар, мутахассис олимлар шунчаки ғояларни эмас, инновацияга айланган ишланмаларни, тижоратлаштиришга тайёр илмий тадқиқотлар натижаларини кўриб, гувоҳи бўлишди, – деди Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов. – Мақсадимиз ҳам шу эди: бирорта эски, инновацияга айланмаган нарса бўлиши керак эмас деган қарорга келгандик – энди буни анъанага айлантирмоқчимиз. Бу халқимизнинг илм-фанга бўлган ишончимизни оширади. Айниқса, ҳафталикда ёшларимизнинг иштироки кенг қамровли бўлгани кишини қувонтиради.

 

Ҳафталик тадбирларида 380 та ташкилот ва корхоналардан жами 14,5 минг нафар иштирокчилар қатнашди (уларнинг 7,1 минг нафари онлайн тарзда), шу жумладан, 18 та мамлакатдан 131 нафар хорижлик меҳмонлар ташриф буюрди.

 

“InnoWeek.Uz-2021»халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги «Пандемиядан кейинги давр учун инновациялар: яшил технологиялар, сунъий интеллект, технологик инқилоб, стартап экотизими» шиори остида иш бошлади ва ҳафталик доирасида 10дан ортиқ тадбирлар ва конференциялар ташкил этилди. Хусусан, «Постпандемия даври учун инновациялар ва инвестициялар форуми», «Сунъий интеллект – технологик ривожланиш асоси», «Водород технологиялари, қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежамкорлик соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш» ҳамда «Тадқиқотларни тижоратлаштириш ва технология трансферининг инновацион стратегиялари» бўйича халқаро миқёсдаги олимлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда долзарб мавзулар кўтарилди ва уларга ечим топишда ҳаракатлар стратегияси кўриб чиқилди.

 

Ҳафталик давомида TechnoWays технологик ривожланиш марафони ва «Инновацион ғоялар етакчиси» кўкрак нишони ғолиблари ҳам тақдирланди. Шунингдек, Халқаро робототехника мусобақаси ва 5-Туркий дунё болаларининг фан ва маданият фестивали ҳам ўтказилди.

 

Ўзбекистон инновацион технология соҳасида юқори ўринларда турувчи давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиб, ушбу соҳада яратилган янги технология ва ютуқлар борасида тажриба алмашиш, технологиялар трансферини амалга ошириш борасида қатор хорижий давлатлар билан илм-фан, инновациялар ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик олиб боришга келишиб олинди. Шунингдек, ушбу мамлакатлардан делегация ҳафталик давомида бўлиб ўтган тадбирларда иштирок этишди. Бундан ташқари, хорижий компаниялар билан бир қатор шартнома ва меморандумлар имзоланди.

 

Шу билан бирга инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази томонидан йўлга қўйилган Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятига оид барча маълумотларни ўз ичига олган http://nsp.gov.uz/ домени остидаги «Миллий илмий портал» ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигининг янгиланган сайти тақдимоти бўлиб ўтди.

 

Тижоратлаштириш Форуми доирасида тижоратлаштиришгача тайёрлаш лойиҳалари натижасида эришилган инновацион маҳсулот ва технологияларни кўргазмаси»нинг энг яхши иштирокчилари тақдирлади. Шунингдек, Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида эълон қилинган лойиҳалар танловлари ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Шунингдек, вазирлик томонидан эълон қилинган «Стартап лойиҳалар танлови» ғолибларига грант маблағлари топширилди. «Энг яхши инновацион маҳсулотлари» танлови доирасида кўргазма иштирокчиларининг энг яхши стартап лойиҳалари тақдирланди.

Ҳафталикнинг барча тадбирлари вазирлик сайтидаги виртуал платформада жонли намойиш этилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//