“Профилактик тадбир ўтказилган”. ИИБ ходимларининг боғча болаларига маъруза қилгани акс этган видеога изоҳ берилди

Сақлаш
19:37 / 24.07.2023 849 0

Ижтимоий тармоқларда ички ишлар ходимлари кичик ёшдаги боғча болаларига маъруза қилаётгани, хусусан, тарбияланувчиларга оқ билан қорани фарқлаш, бир ишни қилишдан олдин оқибатини ўйлаш ҳақида гап кетгани тасвирланган видео тарқалди. Бу эса жамоатчилик танқидларига сабаб бўлди.

Тошкент шаҳри мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳолат 2023 йил 18 июль куни Учтепа туманидаги боғчаларнинг бирида кузатилган.

Таъкидланишича, 17 июль куни тумандаги давлат мактабгача таълим ташкилотларидан бирининг раҳбари томонидан туман ИИО ФМБ, мудофаа ишлари бўлими ҳамда “Фарҳод” МФЙ раиси номига ҳамкорликда “Ҳарбийлар билан учрашув” мавзусида профилактик тадбир ўтказиш юзасидан таклифнома юборилган.

Шунга асосан, 18 июль куни туман ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ “Фарҳод” маҳалласига хизмат кўрсатувчи 40-сонли ТП профилактика катта инспекторлари капитан Ф.Т. ва лейтенант А.А. ушбу боғчага келган.

“Профилактика инспекторлари боғча тарбияланувчилари билан ватанга муҳаббат, ота-она қадри ва келажакда ватанни қўриқлайдиган мард ўғлон ва қизлар бўлиб етишишлари, боғчадан нотаниш фуқаролар билан кетмаслиги, уйини бегона шахсларга очмаслик, бегона шахсларнинг қўлларидан ширинлик ва бошқа нарсаларни олмаслик ҳақида суҳбат ўтказган. Улар ўзлари билан олиб келган китоб ва ўйинчоқларни боғча тарбияланувчиларига совға қилиб топширишган”, — дейилади расмий ахборотда.

Қўшимча қилинишича, тадбир тафсилотлари акс этган видеолавҳани гуруҳ тарбиячиси тарбияланувчиларнинг ота-оналари учун очилган Телеграм гуруҳга ташлаган. “Айрим ота-оналар томонидан бу видеолавҳа бошқа гуруҳларга ташланиб, томошабинлар томонидан нотўғри талқин қилингани ачинарлидир”, — дейилади пойтахт мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабатида.

 

«Gazeta.uz»нинг ёзишича, шаҳар ММТБ матбуот хизмати мазкур ҳолат бўйича билдирилган муносабатни Телеграм каналдан ўчириб, ахборотни таҳрирлаб, каналга қайта жойлаган. Биринчи расмий ахборотда ёзилган видеодаги ИИБ ходимлари ҳақидаги маълумот олиб ташланди. Нашр ахборотни бошқарманинг илк расмий муносабати асосида тайёрлаган.

 

Оyina.uz'ни Телеграмда ўқинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//