Жамият
Сурхондарёда фермерни резина этик билан урган, уни “чўчқа” деб ҳақорат қилган прокурорга чора кўрилди.
“Муштум” журналининг Бош прокуратура ахборот хизматига таяниб, маълумот беришича, Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан Бандихон туман прокурори Соатмурод Маҳмановнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан текшириш ўтказилган. Текшириш натижасига кўра, Бандихон тумани прокурорига нисбатан интизомий жазо қўлланилган.
Ўзини Чори Пиримқулов деб таништирган сурхондарёлик фермер 2023 йилнинг 7 июль куни прокурор билан қарама-қаршилик содир бўлганини айтганди.
“Мен туман прокурори Саотмурод Маҳмановдан норозиман, бу кишининг олиб бораётган сиёсати, халққа ҳурматсизлиги ортиқча бўляпти”, — дейди фермер туман прокуроридан норозилигини айтар экан.
Фермер хўжалиги раҳбари туман прокурори иккинчи сектор ҳудудидаги фермерларга 2 жуфт этик ва бир дона фонарь олиб келиши кераклигини тайинлаганини билдириб, “Туман прокурори айтган йиғилиш “Шоҳ баракат” фермер хўжалигига қарашли дала шийпонида бўлиши керак эди. Шу сабаб шийпонга саккиздан ўн дақиқа ўтганда бордим. Йиғилиш саккизда бошланиши айтилганди. Лекин мен этик топишга қийналганим боис кечикдим. Шунда прокурор нега кечикдинг, деб сўраганида саратонда резина этик топиш қийин бўлганини айтиб, узр сўрадим. Этикни олиб кел, деди. Олиб борсам, мени “чўчқа, чўчқадан тарқаган” дея ҳақоратлаб, “бу кийилган, эски этик экан”, деб ўша этик билан бошимга урди. Елкамга бир неча маротаба қўли билан ҳам урди. Шунингдек, “итдан тарқаган, чиққан жойингга тиқиб юбораман”, дея ҳақоратлади”, — деганди.
Шунингдек, фермер туман прокурорининг калтаги ва ҳақорати сабаб шаъни топталганини, барча танишларининг кулгисига қолаётганини афсус билан айтиб берганди.
“Прокурорнинг бу қилмишига жавобан унга етарли даражада жавоб беришим мумкин эди, аммо прокурор формаси сабаб бунга ботинолмадим. Формага хиёнат қилишни ўзимга эп кўрмадим”, — дейди воқеа ҳақида жамоатчиликка билдирган фермер.
Қайд этиш керак, Бандихон тумани прокурори Соатмурод Маҳманов тумандаги маҳалла раисларини ҳақорат қилиб, жамоатчиликка танилганди.
Ўша аудиода прокурор тумандаги МФЙ раисларига “Эркакмисан сен ҳам? Хотинчалиш, итдан тарқаган экансан-да, бўлмаса одамнинг ишини қилардинг-да. Бор, бориб итга ўхшаб вовулла кўчада”, деганини, “Ўлсанг, бугун кўмар эдик”, “Итдан тарқаганмисан, одамдан тарқаганмисан?» дея ҳақорат қилганини эшитиш мумкин.
Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов прокурорнинг ҳаракати ўрганилаётганини, тез орада ўрганиш натижалари ҳақида маълум қилишини билдирганди. Бироқ ўрганиш натижалари нима билан якунлангани ҳалигача жамоатчиликка номаълум.
Жамият
Жамият
Маданият
Жаҳон
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ