Жамият
Президентнинг 2023 йил 24 февралдаги қарори ҳамда 6 июндаги фармонига асосан Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ҳузуридаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институти Тошкентдан Андижоннинг Марҳамат туманига кўчирилмоқда. Институт жойлашган ҳудуд — Шайхонтоҳур туманидаги “Ипакчи” МФЙ аҳолиси муассаса атрофидаги 18 мингга яқин дарахтнинг кейинги тақдиридан хавотирда.
“Ипакчи” МФЙ фуқароси Абдулла Азимовнинг «Газета.уз»га айтишича, институт ҳудуди Шайхонтоҳур, Чилонзор ва Олмазор туманларининг кислород манбаи ҳисобланади.
“Бу ерда ипакчиликка мослашган тутлар, манзарали дарахтлар [бор], бу — яшил макон. Ҳавоси жуда тоза. Эшитишимизга қараганда, бу Ипакчилик институти Андижонга кўчирилмоқда. Ҳар хил гаплар юрибди, [институт биноси ўрнида] завод ва бошқа нарсалар [қуриларкан], биз бунга қаршимиз. [Бу ҳудудда яшайдиган] келажак авлодга, миллатга кислород керак, тоза ҳаво керак. Яшил маконлигича қолиши зарур. Кўриб, билиб туриб, бор дарахтларни йўқотамизми? Бу манқуртлик эмасми? Шунча [дарахтларни] йўқотганимиз камми? Ҳозир битта дарахт кесилса, неча миллионлаб жарима солиняпти. Шунча қилаётган хатоларимизнинг ёнига яна хато қўшилмасин”, — дейди у.
72 яшар маҳалла фаолининг қайд этишича, минглаб дарахтларни сақлаб қолиб, ҳудудни миллий боғга айлантириш керак.
“Эртага [бу ҳудудга] завод тушса ёки бошқа бўлса, кўз ўнгимизда бу дарахтлар кесилиб кетиб, йўқ бўлади. Шунинг учун буларни сақлаб қолиш, чиройли боғ қилиш керак. Бу ҳудуд 19−20 гектарни ташкил қилади. Халқ шу ердаги кислороддан нафас олсин. Шу атрофдаги маҳаллаларда сув муаммо бўлиб қолди. Мазкур институт ҳам сув йўқлиги учун кўчирилмоқда. Шунча жойлар ҳовлилар қуриш учун бериб юборилган. Натижада одамлар уйидан сув ўтмаслигини хоҳлаб, ариқларни тўсиб ташлаган”, — дейди Абдулла Азимов.
Ипакчилик илмий-тадқиқот институти директори Шуҳрат Абдулазизовнинг сўзларига кўра, институт биноси 60 йилларда қурилган. “Олдин ҳудуд 100 гектар бўлган. Йиллар давомида аҳолининг кўчиб келиши, ҳовли уйлар ва бошқа иншоотлар қурилиши натижасида институт ҳудуди қисқарган. Айни пайтда ҳудуд 19 гектардан зиёдни ташкил қилади”, — дейди у.
Унинг маълум қилишича, Ипакчилик илмий-тадқиқот институтининг Андижонга кўчирилишининг иккита сабаби бор.
“Биринчидан, аҳолининг тиғизлиги ва турар жойлар кўплиги боис ирригация тармоқлари ёпилган, яъни институтга қарашли тутзорларга сув келмайди, бу муаммога айланган. Шунингдек, ипакчилик соҳасини янада ривожлантириш учун институтга Андижоннинг Марҳамат туманидан 9,5 гектардан иборат катта комплекс ҳамда мақсадли фойдаланиш учун 14 гектар майдон ажратилди. Ҳозирги кунда кўчиш ва Марҳамат туманидаги комплексга жойлашиш ишлари кетяпти”, — дейди Шуҳрат Абдулазизов.
У институт биносининг кейинги тақдири ҳақида гапираркан, “Бу ҳақда бизда маълумот йўқ. Лекин президент фармонига кўра, мазкур бинолар бугунги кунда давлат мулкини тасарруф қиладиган ташкилотга ўтказиб берилади. Кейин ўша ташкилот ҳукуматнинг юқори ташкилотлари билан келишган ҳолда иш олиб бориши кўрсатиб ўтилган. Менимча, кейинги босқичда ҳам бу дарахтларга ҳеч қандай зарар етказмаслик мақсад қилинган”, — дейди у.
Институтга қарашли 19 гектарнинг аксарият қисми тутзорлардан иборат. Ноёб тутлар коллекция, озуқа ва тажриба тутзорлари мавжуд. Бинолар атрофида эса турли манзарали дарахтлар — арча, чинорлар экилган.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев Телеграм каналида вазирлик масъуллари томонидан ҳудуд ва плантациясидаги дарахтлар ҳолати ўрганилганини маълум қилди.
“Дарахтларни сақлаб қолиш ва муҳофаза қилиш мақсадида эртадан бошлаб Институт ҳудудидаги барча дарахтлар қайта хатловдан ўтказиш белгиланди. Биз ушбу ҳудуддаги мавжуд дарахтлар сақлаб қолинган ҳолдагина бошқа лойиҳаларни амалга ошириш мумкин, деб ҳисоблаймиз. Ва аҳолининг дарахтларни сақлаб қолиш бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз”, — дея ёзади Кушербаев.
Шу боис, келгусида бу ердаги бирорта ҳам дарахт кесилишига йўл қўймаймиз, дея қўшимча қилган вазир маслаҳатчиси.
Жамият
Жамият
Маданият
Жаҳон
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ