Нархи арзонлашгани айтилган АИ-92 бензини қимматлашди

Сақлаш
16:58 / 27.08.2025 7 0

Охирги ҳафталарда бензин қуйиш шохобчаларида АИ-92 бензини сезиларли қимматлашди. Нархлар июль ойининг ўрталаридан кейин 7,6 фоизгача ошган. Шу билан бир пайтда АИ-80 нархи ҳам кўтарилган.

 

11-август куни “Ўзбекнефтгаз” компанияси “АИ-92 бензини нархи арзонлаштирилди” деган сарлавҳали баёнот билан чиққанди.

 

Баёнотда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилган АИ-92 русумли автобензиннинг биржа савдоларидаги бошланғич нархи тоннасига 12 млн 881 минг сўмдан 12 млн 628 минг сўмгача ёки 2 фоизга туширилгани айтилган.

 

“Бу, ўз навбатида, 1 литр АИ-92 маркадаги автобензиннинг биржадаги бошланғич нархи 9 400 сўм дегани”, дейилади компания хабарида.

 

Ўтган давр мобайнида биржадаги нархлар 13-август куни 12 млн 991 минг сўмга кўтарилган бўлса, 22 август куни 12 млн 633 минг сўмгача пасайган. 25-август куни савдоларда эса маҳсулотнинг 1 тоннаси учун нарх 12 млн 855 минг сўмни ташкил этган.

 

Шохобчаларда эса нархлар ошди. Хусусан, Мустанг ва Пойтахт Оил АЁҚШларида июль ойи ўрталаридан бери АИ-92 нархи 10 500 сўмдан 11 300 сўмгача ёки 7,6 фоизга кўтарилган.

 

Аввалроқ, қатор АЁҚШларда АИ-80 бензини нархи 9100 сўмга кўтарилгани хабар қилинганди. Бу маркадаги бензин ишлаб чиқариш яқин ойларда тўхталиши мумкинлигини ҳисобга олсак, автомобилига газ ускунаси қўйишни хоҳламаган ҳайдовчиларнинг ёқилғи харажатлари анча-мунча ошади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//