
Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан турли соҳа вакиллари фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланган эди. Бугун Тошкент шаҳрида ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлди.
Президент йиғилганларни Мустақиллик байрами билан табриклаб, мамлакатимизда эришилаётган натижаларнинг асоси, саъй-ҳаракатларнинг моҳияти ҳақида алоҳида тўхталди.
“Янги Ўзбекистонда ортга қайтмас тус олган ислоҳотларимиз қандай улкан натижалар бераётганини барчамиз кўриб турибмиз. Ўтган саккиз йилда ялпи ички маҳсулотимиз шиддат билан ўсиб, 115 миллиард долларга етди. Бугун битта рақамни биринчи марта айтмоқчиман: Халқаро валюта жамғармаси прогнозига кўра, бу йил иқтисодиётимиз ҳажми 130 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Яъни, илгари бундай ўсиш, бундай юксак эътироф ҳеч қачон бўлмаган”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, ўтган саккиз йилда аҳоли учун 500 мингдан зиёд кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Бу мустақилликнинг дастлабки 25 йилига нисбатан тўрт карра кўп. Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, қишлоқларни, йўлларни обод қилиш учун 60 триллион сўм маблағ сарфланди. Ёки, 155 миллиард доллар сармоя ҳисобига 100 мингдан ортиқ инвестиция лойиҳалари ишга туширилди, 7 миллиондан зиёд аҳоли даромадли бўлди.
Сўнгги саккиз йилда ижтимоий инфратузилмага олдинги йилларга нисбатан олти карра кўп маблағ йўналтирилди. Натижада боғча ўринлари 720 мингдан 2,5 миллионга етказилди. 466 та янги мактаб қурилиб, 1 миллионга яқин ўқувчи ўрни яратилди. Талабалар сони 279 мингдан 1,5 миллион нафарга оширилиб, олий таълимда қамров 40 фоизга олиб чиқилди.
Таъкидланганидек, бугун бизнес вакиллари иқтисодиётимизнинг чинакам таянчига айланди. Биргина қурилиш соҳасини оладиган бўлсак, бу йўналиш олдин ҳеч қачон ҳозиргидек жадал ривожланмаган. Илгари қурилишлар фақат давлат буюртмаси асосида бўлар эди. Бугун хусусий қурилиш компаниялари сони 30 мингдан ошди, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 6 миллиард долларга яқинлашди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон том маънода улкан қурилишлар майдонига айланди.
Биргина ўтган йилнинг ўзида 23 миллиард долларлик қурилиш ишлари амалга оширилди. Бу 2016 йилга нисбатан 4 карра кўп. Бундай улкан ўзгаришларни қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электротехника, машинасозлик, фармацевтика каби йўналишларда ҳам кўриш мумкин.
Мамлакатимизда фақат саноат билан чекланиб қолмасдан, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга ҳам алоҳида аҳамият берилаётгани таъкидланди.
“Авваллари 500 миллион долларга етмаган туризм экспорти ҳозир 3 миллиард долларлик маррадан ошди. Етти-саккиз йил олдин IT экспорти 1 миллиард долларга етади, деса, бунга ким ишонарди? Энг муҳими, барча тармоқларга янги илм, замонавий технологиялар кириб келди. Уларда юз минглаб иш ўринлари ва юқори малакали кадрлар армияси пайдо бўлди. Ҳар бир соҳада Янги Ўзбекистоннинг ўз стратегияси, тажриба мактаби шаклланди”, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Тадбир давомида “Ўз меҳнати билан мана шундай қадр топиш, эл-юрт назарида бўлишдек буюк бахт сизларни ҳеч қачон тарк этмасин”, деди президент мукофотланганларга.
Маданият
Жамият
Жамият
Сиёсат
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ