Япония Ўзбекистон давлат хизматчиларига таълим гранти ажратди

Сақлаш
00:30 / 07.07.2023 1675 0

5 июль куни Тошкентда Ўзбекистон ва Япония ўртасида таълимга оид грант ҳужжати имзоланди. Унга мувофиқ Ўзбекистон вазирлик ва идоралари вакиллари Кунчиқар ўлкада таҳсил олиш имконига эга бўлади.

 

300 миллион иена миқдоридаги (тахминан 2 миллион 190 минг АҚШ доллари) «Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш» лойиҳаси бўйича алмашинув нотаси Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Япониянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори томонидан имзоланди.

 

Япония ҳукуматининг беғараз ёрдам дастури доирасида 2024 йилда Ўзбекистоннинг 18 нафар ёш давлат хизматчиси магистратура (2 йил) ва 1 нафар ёш давлат хизматчиси докторантура (3 йил) босқичида таълим олади.

 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Япония ҳукумати томонидан 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида молиялаштирилаётган мазкур лойиҳа доирасида 390 нафар Ўзбекистон вазирлик ва идоралари вакиллари Кунчиқар ўлканинг нуфузли университетларида таҳсил олди. Улар магистрлик ва докторлик даражаси билан ватанга қайтиб, ҳозирда халқ хўжалигининг турли тармоқларида фаолият юритмоқда.

 

Япония томонига Ўзбекистонда таълим ривожига қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирган вазир И.Абдураҳмонов лойиҳа доирасида иқтисодий инфратузилмани ривожлантириш, давлат молияси ва бизнес бошқаруви, ҳуқуқ, тиббиёт, таълим, қишлоқ ва сув хўжалиги ресурслари каби йўналишларида кадрлар тайёрланишини қайд этган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//