Аквапаркдаги раққосалардан ОИТС ва ОИВ учун таҳлил олинмаган – ИИВ

Сақлаш
03:29 / 23.06.2023 1936 0

Самарқандда аквапаркда оммавий тадбир уюштириш қоидалари бузилгани ва у ердаги раққосалардан ОИТС ва ОИВга текшириш учун қон таҳлиллари олингани ҳақида хабар берилганди. ИИВ матбуот котиби жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган ушбу ҳолат юзасидан маълумот берди ва раққосалардан ҳеч қандай таҳлиллар олинмаганини билдирди.

 

Ҳолат вазирлик томонидан ўрганилганда маълум бўлишича, чўмилиш ҳавзасининг очилишида чиндан ҳам 2000 дан зиёд фуқаро учун оммавий кўнгилочар маросим ташкил этилган ва бунда Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори талаблари бузилган.
 

Тадбир ташкилотчилари билан профилактик суҳбат ўтказилиб, келгусида хавфсизлик чоралари кўрилиши зарурияти ҳақида қатъий огоҳлантирилган.

 

“Хабарда акс этган, тадбирда иштирок этган аёлларга нисбатан тери-таносил касалликлари кўригидан ўтказилгани ва ОИТС/ОИВга текшириш учун қон таҳлиллари олингани тўғрисидаги маълумот вилоят ИИБ матбуот котиби Жаҳонгир Сагдуллаев томонидан шошма-шошарлик билан, вазиятни тўлиқ ўрганмаган ҳолда тайёрлангани аниқланди”, – дейилади вазирлик хабарида.

 

 

Таъкидланишича, тадбир иштирокчиларининг, шу жумладан, аёлларнинг ҳеч бири тиббий кўрикдан ўтказилмаган ва уларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланмаган.

 

Ҳозирда вазирлик томонидан вилоят ИИБ ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинлангани қўшимча қилинган.

 

Аввалроқ 16 июнь куни Самарқанд туманидаги “Вавилон” чўмилиш ҳавзасида фуқаро Д.Насимов “оммавий тадбирларни ўтказиш қоидасини қўпол равишда бузиб, 2000 га яқин фуқаро иштирокида тадбир уюштиргани” ҳақида хабар берилганди.

 

Хабарда раққосалар тери-таносил касалликлари кўригидан ўтказилиб, ОИТС ва ОИВга текшириш учун қон таҳлиллари олиниб, улар билан тушунтириш ишлари олиб борилгани ҳам қўшимча қилинганди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//