Навоий шаҳрида Алишер Навоий ижодига бағишланган халқаро конференция бошланди

Сақлаш
19:06 / 24.11.2021 953 0

Президентнинг тегишли қарорига (ПҚ-4865, 19.10.2020й) кўра, 2021 йилда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланиши белгилаб қўйилган ҳамда 2021 йил ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Навоий шаҳрида “Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилиши кўзда тутилган эди.

 

Шу мақсадда бугун Навоий шаҳридаги “Маънавият ва маърифат маркази”да “Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги IV анъанавий халқаро илмий-амалий конференциясининг ялпи мажлиси бошланди.

 

 

Навоий вилояти ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Навоий давлат педагогика институти, Алишер Навоий халқаро жамоат бирлашмаси ҳамкорлигида тўртинчи бор ўтказилаётган конференцияда 70 тадан ортиқ дунё олимлари қатнашмоқда. Жумладан, АҚШ, Канада, Албания, Туркия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Эрон, Монголия, Тожикистон, Татаристон каби давлатлардан меҳмонлар ташриф буюрган. 

 

Иштирокчилар томонидан шўъбаларга бўлинган ҳолда Навоий ижодиётининг маъно, мавзу, диний ва тасаввуфий қатламлари, чет элларда ўрганилиши, давлатчилик ва раҳбар маънавияти ҳақидаги қарашлари, ҳозирги ўзбек тили, адабиёти ва халқ оғзаки ижоди атрофлича кўриб чиқилади. Шунингдек, халқаро анжуман иши натижалари бўйича тегишли илмий хулосалар қилиниб, бир қатор таклифлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//