Туркиянинг Ўртаҳисор шаҳарчасида "Хива бобо" ёдгорлиги ўрнатилди

Сақлаш
16:02 / 12.08.2021 1518 0


Ўзбекистон Мустақиллигининг  30 йиллиги арафасида "Хива шаҳри — туркий дунё маданий пойтахти" дастури доирасида Туркиянинг Невшеҳир вилояти ҳудудида жойлашган Ўртаҳисор (Кападокия) шаҳарчасида "Хива бобо" ёдгорлиги ўрнатилди, деб хабар бермоқда "Дунё" Ахборот агентлиги.

Манба: Дунё АА




Ёдгорликнинг айнан ушбу шаҳарда ўрнатилиши бежиз эмас. Чунки маҳаллий халқ орасидаги ривоятларга кўра, Ўртаҳисор аҳолиси аждодларининг илдизлари Хоразмнинг Хива шаҳрига бориб тақалади. XII асрда Марказий Осиёдан Онадўлига туркий қавмларнинг кўчиши кенг кузатилган бир даврда асли хивалик Хива бобо ўзининг саккизта укаси билан Ўртаҳисорга келиб қолган. Кейинчалик улар атрофдаги ерларни ободонлаштириб, ҳозирги Ўртаҳисорни барпо этган. Вақт ўтиши билан "Хива бобо" қисман ўзгариб, "Хиба бобо" шаклида талаффуз этила бошланган. Ўртаҳисорнинг бугунги кундаги аҳолисининг асосий қисми Хиба бобо ва унинг саккиз биродари авлодлари эканига ишонилади.

Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси, "Турксой" халқаро ташкилоти ҳамда Ўртаҳисор ҳокимияти ҳамкорлигида "Хива шаҳри — туркий дунё маданий пойтахти" дастури доирасида шаҳарчада "Хива бобо" ёдгорлигининг очилиш маросими ўтказилди.

Ўртаҳисор ҳокими Мустафа Атеш ёдгорликнинг бунёд этилишидан асосий мақсад сўнгги беш йилда жадаллик билан тараққий этиб бораётган Ўзбекистон-Туркия муносабатларига камтарона ҳисса қўшиш эканини билдирди.

— Биз ўртаҳисорликларнинг ота юртимиз Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидан бири — Хива билан алоҳида боғлиқлигимиз мавжуд, — деди у. — Қарийб минг йил олдин Хива бобо Хоразмдан келиб, бизга гўзал ватан барпо этган. Бизлар Хива бобонинг фарзандларимиз. Бинобарин, бугунги ёдгорлик бизнинг ўзлигимизнинг тимсолидир.

Турк ҳайкалтароши Энсар Шаҳин томонидан яратилган ушбу ёдгорликнинг олд томонида Хива бобонинг тимсоли жой олган. Асарнинг ўнг ва чап томонларида эса рамзий эшиклар ишланган бўлиб, улар Ўртаҳисорга кириш йўли Хива бобо томонидан очиб берилганига ишора қилади. Ёдгорликда Хоразм воҳасига хос бўлган ва Ўртаҳисордаги қадимги осори атиқаларда ҳам сақланиб қолган нақшларга ҳам ўрин берилган.

Тантанали маросим иштирокчилари ва Ўртаҳисор аҳолисига "Ўзбекистон истиқлолининг 30 йиллиги" мавзусидаги фотокўргазма ташкил этилди ҳамда Хоразм вилоятидан келган санъаткорлар ижросида миллий ўзбек куй ва қўшиқлари, Хоразм рақслари тақдим этилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//