Россияда вафот этган ўзбекистонлик меҳнат мигрантининг оиласига 1 млн рублдан ортиқ маблағ ундириб берилди

Сақлаш
19:01 / 20.11.2021 855 0

Россияда бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этган ўзбекистонлик меҳнат мигрантининг оиласига 1 миллион рублдан ортиқ маблағ ундириб берилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

 

Маълум қилинишича, фуқаро Б.Ю.(1994 йилда туғилган) Россиянинг «Монотек Строй» МЧЖда иш бошлаганидан 2 ою 5 кун ўтиб, 2020 йилнинг 21 сентябрида ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этган. Унинг Хоразм вилоятида ота-онаси билан бирга яшовчи турмуш ўртоғи (1995 йилда туғилган) ва қизи (2019 йилда туғилган) қолган.

 

Марҳумнинг оиласига зарарни ундириб бериш бўйича Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан россиялик юристлар жамоаси жалб этилиб, узоқ давом этган жараёнлардан сўнг 1 миллион 161 минг рубль (15 774 доллар) маблағ тўлаб бериш бўйича иш берувчи билан юридик келишувга эришилган.

 

Шунингдек, Россия қонунчилигига мувофиқ, марҳумнинг оиласига жабрланувчининг иш жойида бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этгани муносабати билан 1 миллион рубль атрофида компенсация берилиши ҳам кўзда тутилган.

 

Қайд этилишича, ҳозирда Россия Ижтимоий суғурта жамғармасидан ушбу маблағни ундириш ва марҳумнинг вояга етмаган қизига 18 ёшга тўлгунга қадар нафақа тайинлаш масаласи ҳал қилинмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//