Меҳнат вазирлиги вакцина олмаган ходимларни ишдан четлаштириш тартиби ҳақида маълумот берди

Сақлаш
23:23 / 19.11.2021 901 0

Меҳнат кодексининг 113-моддасида, карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлганда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли.

 

Қонунчилик меъёрларини тўғри, аниқ ва бир хил қўлланилишини таъминлаш мақсадида тавсиявий характердаги тушунтириш ишлаб чиқилди, деб хабар бермоқда Меҳнат вазирлиги ахборот хизмати.

 

Унга кўра, карантинли ва одам саломатлиги учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларни тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлашдан ўтишни рад этиш, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 113-моддаси 3-қисмига асосан ходимни ишдан четлаштириш бўйича буйруқ чиқаришга асос бўлади.

 

Иш берувчи, карантин ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларни тарқалиши таҳдиди муносабати билан эмлашдан ўтиш мажбурияти юзасидан касаба уюшма билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган ички меҳнат тартиб қоидалари, жамоа шартномалари ва бошқа локал ҳужжатларга қўшимча киритиши лозим.

 

Шунингдек, ишдан четлаштириш бўйича буйруқ чиқаришдан аввал ходимдан эмлашни рад этиш бўйича ёзма ариза олинади. Агар ходим ёзма ариза беришдан бош тортса, ходимнинг эмланишни рад этганлик ва бу бўйича ариза беришдан бош тортганлиги юзасидан далолатнома тузилади. Ишдан четлаштириш бўйича буйруқ билан ходим имзо қўйган ҳолда таништирилади.

 

Ходим ишдан четлаштирилган даврда унга иш ҳақи ҳисобланмайди. Тиббий қаршиликлар бўлмаганда эмлашдан бош тортган ходимларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 181-моддасига мувофиқ интизомий жазо қўлланилиш чоралари назарда тутилиши мумкин.

 

Ходимнинг соғлиғи ҳолатига кўра профилактик эмлашдан ўтишни рад этадиган қарши кўрсатма мавжуд бўлганда иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга мувофиқ ходим масофавий иш режимига ўтказилиши мумкин. Эмлашдан ўтишни ташкиллаштириш иш берувчи томонидан амалга оширилади.

 

Мазкур нормалар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинадиган локал ҳужжатларда белгиланиши керак.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//