Ўзбекистонда пора олган, берган, воситачилик қилган 20 йилгача қамалиши мумкин

Сақлаш
21:55 / 07.04.2023 2157 0

Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида «Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.

 

Жиноят кодекси «коррупцияга оид жиноятлар» деган янги атама билан тўлдирилиб, унга кўра, кодекснинг тегишли моддалари, қисми ва бандларида назарда тутилган қилмишлар коррупцияга оид жиноятлар деб топилиши белгиланмоқда ҳамда ушбу жиноятлар учун жазони кучайтириш назарда тутилмоқда.

 

Шунингдек, ушбу қонун билан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига киритилаётган ўзгартиришлар орқали ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш учун ҳукм қилинган, бироқ жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга ҳамда пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш каби нормалар қўлланилмайди.

 

Қонунга мувофиқ давлат органи ва ташкилотлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи, нодавлат нотижорат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш билан боғлиқ жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш белгиланмоқда.

 

Шунингдек, сенаторлар томонидан киритилаётган ўзгартиришлар коррупциявий жиноятларни аниқ белгилаш ва ушбу турдаги жиноятларга қарши тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, коррупциявий жиноятларни олдини олиш, коррупциявий жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан адолатли жазо белгиланишига ҳамда жиноят оқибатида жабрланганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилиши қайд этилди.

 

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурҳоновнинг ёзишича, маъқулланган қонунга кўра,

 

– ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (205-модда) ҳамда Ҳокимият ҳаракатсизлиги (208-модда) жиноятлари ғаразли ниятларда содир этилган бўлса, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш;

– пора олганлик (210-модда), пора берганлик (211-модда) ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик (212-модда) учун йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши белгиланмоқда.

 

Шунингдек, Жиноят кодексининг саккизинчи бўлими Коррупцияга оид жиноятлар атамаси билан тўлдирилмоқда ва 16 та моддада назарда тутилган жиноятлар (167-модда учинчи қисми «д» банди, 168-модда тўртинчи қисми «г» банди, 192-9, 192-10-моддалари, 192-11-модда иккинчи қисми «в» банди, 205-модда иккинчи қисми «в» банди, 206-модда иккинчи қисми «в» банди, 208-модда иккинчи қисми, 209-модда иккинчи қисми «в» банди, 210, 211, 212, 213, 214-моддалари ва 301-модда иккинчи қисми «б» банди) шунингдек, 243-моддада назарда тутилган, коррупцияга оид жиноятларни содир этиш натижасида олинган даромадларга нисбатан содир этилган жиноятлар коррупциявий жиноятлар сифатида эътироф этилмоқда.

 

Порахўрлик жиноятларини содир этган шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинмаслиги, коррупцияга оид оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиш қўлланилмаслиги белгиланмоқда.

 

Қонун Президент томонидан имзолангандан сўнг кучга киради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//