3000 метр баландликка кўтарилган, 100 метрга ёйилган ва Регистонни эгаллаган байроқлар – Давлат байроғининг 30 йиллиги республика бўйлаб кенг нишонланди

Сақлаш
11:14 / 19.11.2021 1201 0

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг 30 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб кенг миқёсда нишонланди. Тошкент шаҳридаги «Халқлар дўстлиги» майдонида «Муқаддасдир Ватан байроғи!» шиори остида тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Узунлиги 100 метр, эни 18 метр бўлган улкан байроқ майдонга олиб чиқилиб, катта тўлқин ҳосил қилинди. Эл севган ижодкор ва санъаткорлар, ҳарбийларнинг чиқишларини барча илиқ қарши олди. Пойтахтимиздан бошланган байрам шукуҳи бутун мамлакат бўйлаб таралиб кетди. Барча тадбирлар Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари томонидан мувофиқлаштириб борилди.

 

Байрам Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларини қамраб олди

 

 

Нукус шаҳрида ташкил этилган тантанали маросимда байроқнинг бутун халқимизни бирлаштириш, жипслаштиришдаги аҳамияти урғуланиб, таниқли санъаткорлар ижросида ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар ижро этилди. Миллий гвардия, туризм ва спорт бош бошқармаси марказий кўчаларда марафон ҳамда кўргазмали юришлар уюштирди. Байрам тадбирлари Қорақалпоғистон Республикасининг барча ҳудудларида кун бўйи давом этди.

 

 

Қашқадарёда ҳайдовчиларга байроқчалар улашилди

 

 

Байрам тантаналари Қарши шаҳридаги Маънавият масканида Республика Маънавият ва маърифат марказининг Қашқадарё вилоят бўлими ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ, Олий ҳарбий авиация билим юрти билан ҳамкорликда ташкил қилинди. Вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда ҳайдовчиларга байроқчалар тарқатилди.

 

 

Хоразм вилоятида тадбир байроқ марши билан бошланди

 

 

Хоразмда тадбирлар Миллий гвардия вилоят бошқармасининг ҳарбий отлиқлари ва махсус автомобиллари, ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хизмат машиналари ва мототранспортлари намойиши, Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг оркестри садолари, жамоатчилик фаолларининг байроқ марши билан бошланди. Байрам тантаналари кун давомида воҳа аҳлига юқори кайфият улашди.

 

 

Фарғонада Ўзбекистон байроғи 3000 метр баландликка олиб чиқилди

 

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 30 йиллиги Фарғона вилоятида кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Тадбир доирасида ҳарбийлар томонидан миллий рамзимиз 3000 метр баландликка олиб чиқилди. Жонкуяр юртдошларимизга «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони топширилди.

 

 

Сирдарёлик ёшлар ҳокимлар кўксига байроқ тасмаларини тақиб қўйишди

 

 

Сирдарё вилоятида ҳам «Муқаддасдир Ватан байроғи» шиори остида концерт дастури уюштирилди. Театр актёрлари ижросида «Байроқ ва юрак» номли саҳна кўриниши намойиш этилиб, дилтортар наволар, куй-қўшиқлар янгради. Сирдарёлик ёшлар вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда вилоят бошқарма, идора-ташкилотлар раҳбарлари кўксига давлатимиз байроғи тасмасини тақиб қўйишди. Айтиш керакки, ушбу ташаббус мутасаддилар томонидан илиқ кутиб олинди.

 

 

Бухоро кўчалари байроқлар билан безатилди

 

 

Бухоро вилоятида бўлиб ўтган асосий тантанада Миллий гвардия, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти томонидан парад ташкил қилинди. Кўчалар бўйлаб илинган байроқлар юртдошларимиз ва сайёҳларга ўзгача шукуҳ бағишлади. Лаби Ҳовуз мажмуасидан Арк қўрғонигача бўлган масофада ҳақиқий байрамона руҳ ҳукмрон бўлди.

 

 

Сурхондарёда пиёда юриш акцияси ўтказилди

 

 

Эрта тонгдан Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари бошчилигида кенг жамоатчилик вакиллари марказий кўчалар бўйлаб миллий байроқни баланд тутиб тадбир намойишларини бошлаб берди. Байрам доирасида велоспортчилар иштирокида байрам марши ва ёшлар ўртасида пиёда юриш акцияси ўтказилди. Шунингдек, Термиз шаҳридаги Санъат саройида тантанали маросим бўлиб ўтди.

 

 

Наманганда ҳам миллий рамзимизнинг 30 йиллиги муносиб нишонланди

 

 

Давлат байроғининг 30 йиллиги байрам тантаналари Наманган вилоятида «Уч фаввора» хиёбонида кенг нишонланди. Тадбирда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, зиёлилар, ёшлар ва аҳоли вакиллари фаол қатнашди. Санъат усталарининг ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлари барчага яхши кайфият улашди.

 

 

Жиззахда байрам тантаналари Шароф Рашидов шоҳ кўчасидан бошланди

 

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан Шароф Рашидов шоҳ кўчасида оммавий юриш ташкил этилди. Жиззах вилоят ҳокимлиги, ҳарбий қисмлар, Республика Маънавият ва маърифат марказининг вилоят бўлими ходимлари ҳамда бошқа ташкилот вакиллари қатнашган тадбир вилоят мусиқали драма театрида давом этди. Қадимий Амир Темур дарвозаси яқинидаги адирликка 100 х 60 метр ҳажмдаги улкан Ўзбекистон давлат байроғи ёйилди.

 

 

Андижонда қутлуғ санага бағишлаб спорт мусобақалари уюштирилди

 

 

Андижонда ҳам қатор байрам тадбирлари ташкил этилди. Хусусан, Республика Маънавият ва маърифат маркази Избоскан туман бўлими ҳамда «Ватанпарвар» ташкилоти ўқув спорт техника клуби ҳамкорлигида автомашиналар паради ўтказилди. Давлат байроғи шарафига уюштирилган спорт мусобақалари ғолиблари муносиб тақдирланди.

 

 

Самарқандда Регистонга улкан байроқ ёйилди

 

 

Регистон майдонидан Кўксарой майдонигача марафон старт олди. 20x40 метр ҳажмли давлат байроғи юзлаб юртдошларимиз боши узра мавж урди. Республика Маънавият ва маърифат марказининг вилоят бўлими томонидан Самарқанд темир йўл вокзали ва тарихий обидаларда чет элдан ташриф буюрган сайёҳларга байроқчалар ва тасмалар тарқатилди.

 

 

Тошкент вилоятида байроғимиз ўрнатилган автоуловлар карвони

 

 

Тошкент вилоятида миллий байроғимиз ўрнатилган автоуловлар карвони ташкил қилинди. Сўнг Металлург маданият саройида вилоят фаоллари иштирокида тадбир бўлиб ўтди. Ижодий жамоалар томонидан тайёрланган ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқ ва рақслар йиғилганларга янада кўтаринки кайфият бахш этди.

 

 

Навоий вилоятида байроқлар фестивали бўлиб ўтди

 

 

Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида давлатимиз байроғи қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан “Муқаддасдир Ватан байроғи” шиори остида машиналар карвони ва байроқлар фестивали ўтказилди. Тантанали маросимда таъкидланганидек, миллий байроғимизнинг самоларда мавжланиб ҳилпираши элдошларимизни, айниқса, илм-фан сирларини пухта эгаллаётган навқирон авлод ва порлоқ келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизни биз кўзлаган муҳташам манзил – учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этишга чорлаб туриши шубҳасиз.

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//