Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан боғлиқ ҳолат қандай босқичда?

Сақлаш
23:17 / 02.04.2023 1111 0

Кеча, 1 апрель куни Хоразм вилояти адлия ва ФВБ бошлиқларининг жирканч ишлари ошкор қилингани ҳақида маълумот берган эдик.

 

Ҳолат бўйича Бош прокуратура расмий баёнот билан чиқди.

 

Бош прокуратура томонидан Хоразм вилоятидаги ҳолат билан боғлиқ жиноят иши бўйича чиқарилган суд ҳукми ва аппеляция инстанциясининг ажримлари қонунийлиги ўрганилган.

 

29 март куни судланган А.Машарипов ва А.Курязовларга енгил жазо тайинланганлиги ва бошқа ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси судига протест келтирилган.

 

Мирзиёева муносабати

 

Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева ҳам юз берган фожиа юзасидан муносабат билдирди.

 

«Бу ҳолат қонунчилигимизда жиддий муаммолар борлиги ва ушбу бўшлиқдан жирканч шахслар фойдаланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Воқеа иштирокчилари орасида ҳуқуқ идораси вакиллари ҳам борлиги эса ниҳоятда хавотирлидир.

 

Бош прокуратурадан мазкур ҳолатга алоҳида эътибор қаратиб, синчиклаб ўрганишни ва ҳуқуқий баҳо беришни сўрайман.

 

Биз мавжуд қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш, турли «лазейка»ларни ёпиш, оилавий зўравонлик бўйича қонунни қабул қилишни тезлаштиришимиз зарур. Мазкур қонун лойиҳаси аёллар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган», деди Мирзиёева.

 

Педофилларни кимёвий бичиш таклифи

 

Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов қонунчиликка педофилларни кимёвий бичиш тўғрисидаги ўзгартиришларни киритиш кераклигини ёзмоқда.

 

«Педофилларга нисбатан кимёвий кастрация жазосини қўллаш юзасидан қонунчиликка ўзгартириш киритиш вақти келди», дейди у.

 

Алламжонов, шунингдек, бу тартиб халқаро тажрибада ҳам борлигини, айримларида ҳатто, ўлим жазоси белгиланганини айтади.

 

«Агар бу масала дунё тажрибасисиз бўлмайди, қайда бор бу жазо, десангиз Қозоғистон, Украина, Германия, Норвегия, Швеция, Дания, Исроил, Жанубий Корея, Франция, АҚШ ва ҳоказо давлатларни кўринг. Уларда бор экан бу жазо. Хитой, Лотин Америкаси давлатлари, Саудия Арабистони ва Эронда биратўла ўлдириб юборилар экан», деб ёзади Комил Алламжонов.

 

Эксперт хатоларни санади

 

Таълим бўйича эксперт, ўз даврида «Камолот» ёшлар ҳаракатига раҳбарлик қилган Баҳодир Ғаниев ҳимоясиз қизалоқларни «болахўр ва балохўр»лар қўлига тушишига олиб келган хатоларга эътибор қаратди.

 

Унга кўра, қизларни жирканч аёл қўлига бериб қўйилиши оилавий меҳрибонлик уйлари ходимларини танлаш ва уларга болаларни беришда номзодларни текшириш тизими ишламаслигини кўрсатади.

 

«Бу аёлга болаларни ўша адлиядаги болахўр каби битта раҳбарча таниш-билишчилик орқали берган бўлиши ҳам мумкин», дейди у.

 

Айни чоқда у, маҳалла тизимининг ҳаракатсизлигига эътибор қаратган.

 

«Оилавий меҳрибонлик уйлари маҳаллаларда жойлашган. Маҳалла деган «мукаммал ва ноёб» тизимда маҳалла раиси бор, профилактика инспектори бор, ёшлар етакчиси бор. Уларнинг энг муҳим вазифаларидан бири – маҳалладаги нотинч оилалардаги болалар ва алоҳида тоифадаги ёшлар ҳолидан хабардор бўлишдир. Улар қаерда эди?», дея савол қўяди Б.Ғаниев.

 

Эксперт меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг Миллий гвардияга топширилганини ҳам хато деб атаган.

 

«Мураккаб масала соҳа эгаси бўлмаган ташкилотга берилган. Ҳарбий билимга эга одамлар ижтимоий иш ва бола ҳуқуқларига оид масалаларни қаердан ҳам билсин, ақли етганича нималарнидир қилган. Айб уларда эмас, масалани уларга топширганлардадир. Ижтимоий ҳимояга оид махсус орган бўлганида, болалар ҳолидан малакали мутахассис доимий равишда хабар олган бўларди», дея мулоҳазаларини давом эттиради мутахассис.

 

Қолаверса, ҳафтасига 6 кун мактабга қатнаган қизларнинг зўравонлик қурбони бўлганидан мактаб маъмурияти, ўқитувчилар, психолог, таълим муассасасига бириктирилган милиция инспектори, ёшлар етакчисининг хабарсиз қолиши савол остига олинган.

 

Эксперт таъкидича, вояга етмаганларга оид жиноятлар Болалар омбудсманининг қатъий назоратида бўлиши керак. Давлат органи раҳбар ходимининг жирканч хатти-ҳаракатида айбланишини эса ҳуқуқ идоралари назорат қилиши лозим.

 

«Аммо улар нимагадир кар ва кўрни ёқиб олган ва адолатсизликка йўл қўйган, балки айрим масъуллари кўмаклашгандир ҳам. Юқоридагилардан биронтасига бир йил ёки ундан ҳам кўп вақт давомида ҳам ҳеч қандай сигнал бормаганига ишонмайман. Аммо жим ўтирганлар. Сабаб? Камида масъулиятсизлик ва малакасизлик. Айримлари манфаатдор бўлган бўлиши ҳам мумкин», дейди Б.Ғаниев.

 

Айни пайтда жамоатчиликни Хоразмдаги ҳодиса такрорланмаслиги учун нима қилиш керак деган савол қийнамоқда.

 

«140 га яқин оилавий меҳрибонлик уйларини ўрганиб чиқиш керак, бу ягона ҳолат бўлмаслиги мумкин. Бойларнинг болаларига миллиардларни сарфлаб Президент мактаблари тармоғини яратдик, шу болалар учун ҳам худди шундай шароитдек бир нечта мактабларни ташкил қилса бўлмайдими?» деб савол қўяди эксперт.

 

Бундан ташқари, у етимлар, ногиронлар, айрим касалликларга чалинганлар билан ишлаш учун ижтимоий ҳимояга қаратилган махсус орган яратиш, қонунчиликдаги «тешик»ларни ёпиш, мактаб психологларининг ишини кучайтиришни таклиф этган.

 

Қизлар билан бўлган зўравонликни беркитган ва олдини олишга масъул бўлганлар жазоланиши шартлигини таъкидлаган эксперт мудҳиш жиноятга қўр урган бошқа эҳтимолий айбдорларни ҳам топиш лозимлигини уқтирган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//