Кераксиз жамғармалар, кенгайиб кетган ҳукумат, боқимандага айланаётган соҳалар, бирлаштирилиши керак бўлган вазирликлар – иқтисодчидан давлат бюджети лойиҳасига таклифлар

Сақлаш
22:53 / 17.11.2021 1470 0

Молия вазирлиги томонидан 2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинди. Давлат бюджетини ишлаб чиқишда аввало харажатлар прогноз қилинади.

 

Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Самариддин ЭЛМИРЗАЕВ “Oyina.uz”га давлат бюджети харажатларини оптималлаштириш ва манзиллилигини таъминлаш борасидаги фикрларини билдириб ўтди.

 

“2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги лойиҳа билан танишар эканмиз, 3-иловада давлат мақсадли жамғармалари даромадлари ва харажатларига кўзимиз тушади ва кейинги йил учун 23 та мақсадли жамғармалар амалда фаолият юритишига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Ваҳоланки, бундай жамғармалар 2020 йил давлат бюджетида 20 та, 2021 йил эса 18 та кўрсатилган.

 

Давлат мақсадли жамғармалари таркибига эътибор қаратадиган бўлсак, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Пенсия жамғармаси каби тузилмаларнинг жамиятимиздаги роли ва аҳамиятига ҳеч қандай изоҳ шарт эмас. Лекин бундай жамғармаларнинг 23 талаб фаолият юритиши амалда қанчалик самара бераётгани қатор саволларни ўртага ташлайди. Уларнинг фаолияти шаффофлиги, молиявий назорат қанчалик таъминланмоқда? Саволлар кўп.

 

Масалан, биргина Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида учта жамғарма фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳар бирига бошқарув ва жорий фаолият учун харажатлар амалга оширилиши самарадорликни пасайтирмай қолмайди. Учаласини бирлаштирган ҳолда ягона жамғарма фаолиятини йўлга қўйиш ҳам харажатларни камайтириш орқали самарадорлик ўсишига хизмат қилади-ку.

 

Яна бир жамғарма – Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлигининг Виночиликни ривожлантириш жамғармаси. Биринчидан, соҳада соғлом рақобат муҳити мавжуд. Иккинчидан, фаолият ўта рентабелли. Айнан шундай шароитда алоҳида агентлигу алоҳида жамғарманинг нима кераги бор, деган савол туғилиши табиий.

 

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармаси давлат бюджети тўғрисидаги қонунда тасдиқланиши ҳам тушунарсиз. Чунки уюшмалар нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади. Бошқа томондан, мазкур соҳада соғлом рақобат муҳити шаклланиб бўлди. Энди бозор қонуниятлари асосида бемалол ривожланиши мумкин. Шу боисдан бундай жамғармаларни тугатиш вақти келди.

 

Умуман, ўта муҳим ўнтага етар-етмас давлат мақсадли жамғармаларини сақлаб қолиш, бошқаларининг даромадларини эса марказлашган бюджетга тушишини таъминлаш ва харажатларни республика бюджетидан молиялаштириш ўз-ўзидан харажатлар самарадорлиги ва самарали молиявий назоратга хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз. Бу борада Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ҳам “Ҳақиқатан, бугунги кунда кўплаб давлат ташкилотларининг жамғармалари ташкил қилинган. Аслида бутун дунёда амалиёт шунақа – бунақа жамғармаларга тушадиган маблағлар бюджетга консолидация қилиниши керак. Лекин бизда бироз бошқача. Айрим ташкилот раҳбарлари “Бу пул меники, уни истаганимча ишлатаман”, деб нотўғри ўйлашади. Ҳозир шу ерда ўтирган айрим ҳурматли вазирларимиз хафа бўлса ҳам айтаман, бундай жамғармаларга тушадиган пулларни улар далага чиқиб, кетмон чопиб топаётгани йўқ. Улар давлат биносида ўтирибди, давлат хизматини кўрсатяпти. Тўғри, бу маблағларни тушуриш учун меҳнат ҳам сарфланади, масалан, жарима ундириш учун жаримани аниқлаш ва расмийлаштириш керак. Лекин барибир бу тушумлар давлатники”, дея бундан икки йил олдин таъкидлаб ўтган бўлса-да, амалда бу масала ҳамон ўз ечимини кутмоқда.

 

Қонун лойиҳасининг 5-иловасига ўтар эканмиз, ҳукуматнинг нақадар кенгайиб кетганига гувоҳ бўламиз. Айниқса, вазирликлар, қўмиталар, агентликлар. Биргина қишлоқ хўжалиги бўйича иккита вазирлик ва учта қўмита, яъни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолият юритмоқда ва уларнинг харажатлари давлат бюджетидан молиялаштирилиши белгиланган. Бир-бирини такрорловчи бундай вазирлик ва идоралар ҳукумат таркибида мавжудлиги, бир томондан, бюджет харажатлари ошишига сабаб бўлаётган бўлса, бошқа томондан, соҳаларда функциялар такрорланишига, ўзаро ўхшаш ёки зид меъёрий ҳужжатлар қабул қилинишига, натижада эса бюрократияга сабаб бўлмоқда. Шу ўринда адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам “Ҳукумат ихчам бўлиши керак. Ўзбекистонга жуда катта давлат аппарати тўғри келмайди. Унга кетадиган харажатлар жуда кўп. Ундан кўра иқтисодни ривожлантиришга йўналтиришимиз керак. Қанча давлат органи кўп бўлса, шунча иқтисодиёт юриб кетиши қийин бўлади”, дея таъкидлагани бежиз эмаслигини эслаш кифоя.

 

Давлат бюджети харажатларини оптималлаштириш ва камайтириш нуқтаи назаридан фаолият соҳалари ўзаро яқин вазирлик ва идораларни бирлаштириш самаралидир. Масалан, Туризм ва спорт вазирлигига ажратиладиган маблағ таркибида маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш, шунингдек, археологик ишлар учун харажатлар сифатида 75 миллиард сўм режалаштирилган. Бир қарашда Маданият вазирлигининг фаолият йўналишидек туюлади. Қўшимча равишда ҳар иккала вазирлик бўйича охирги харажатлар йўналиши сифатида объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар харажатлари келтирилган. Келтирилган жиҳатлар асосида Туризм, маданият ва спорт вазирлиги фаолиятини йўлга қўйиш ҳам ўз-ўзидан давлат бюджети харажатларининг қисқаришига ҳамда соҳаларнинг ўзаро ҳамоҳанг ривожланишига хизмат қилади.

 

Давлат бюджети харажатларидаги яна бир муҳим масала – субсидиядир. Охирги йилларда дотация ва субвенциялаш амалиётларидан воз кечишга қаратилган ислоҳотлар ижобий натижа бераётган бир вақтда субсидиялаш амалиётининг кенгайиб бораётгани бошқа томондан бюджет харажатлари ортишига сабаб бўлмоқда. 2022 йилга мўлжалланган давлат бюджети лойиҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Қайд этиш керакки, субсидия ажратилаётган соҳада боқимандалик ортиб бориши кузатилади. Бу эса аксарият ҳолларда натижанинг ижобий бўлишини таъминламайди.

 

Мақолада келтирилган жиҳатлар асосида давлат бюджети харажатларини режалаштириш олдимизга қўйилган натижага йўналтирилган бюджетлаштиришга хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//