«Спорт сиёсатдан холи тамойилини қўллаб-қувватлаймиз». Ўзбекистон Бокс федерацияси Тошкентда ўтадиган ЖЧ-2023 юзасидан муносабат берди

Сақлаш
17:13 / 03.03.2023 1831 0

Ўзбекистон бокс федерацияси жорий йил пойтахтимизда бўлиб ўтадиган эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионати хусусида баъзи интернет манбаларида тарқалаётган хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди.

 

«Бугунги кунда дунёда ҳукм сураётган сиёсий вазият сабаб айрим интернет манбалари ва ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 30 апрель — 14 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган бокс бўйича жаҳон чемпионати ҳақида нохолис хабарлар тарқалмоқда. Ўзбекистон бокс федерацияси шу ўринда вазиятга ойдинлик киритиб ўтади», — деб бошланган ташкилотнинг расмий муносабати.

 

Маълум қилинишича, Ўзбекистон мусобақани қабул қилиш ҳуқуқини қўлга киритган вақтда миллий жамоаларнинг халқаро турнирлардаги иштироки бўйича бугунги чекловлар бўлмаган.

 

«Ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) томонидан ташкил этилади. Ўзбекистон томони мусобақада иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган мамлакатларнинг қатнашиш ёки қатнашмаслигини белгилаш ваколатига эга эмас. Ўзбекистон мусобақани ўтказувчи давлат ҳисобланади ва ташкилий масалалар билан шуғулланади.

 

Чемпионат қатнашчилари, терма жамоалар, спортчи ва мураббийлар, ҳакамларни рўйхатдан ўтказиш IBA томонидан амалга оширилади. Мамлакатимиз мусобақани қабул қилиш ҳуқуқини қўлга киритган вақтда терма жамоалар ёки спортчиларнинг халқаро турнирлардаги иштироки бўйича бугунги чекловлар йўқ эди.

 

Ўзбекистон халқаро спорт нормаларига риоя қилувчи давлат бўлиб, спорт сиёсатдан ҳоли тамойилини қўллаб-қувватлайди», — дейилади муносабатда.

 

Қайд этиш керак, аввалроқ АҚШ, Чехия, Ирландия каби бокс федерацияларининг Тошкентдаги мусобақада иштирок этмаслиги, Буюк Британия ва Канаданинг ҳам шундай қарорга яқинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Бунга сабаб сифатида Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) президенти Умар Кремльёвнинг Россия президенти Владимир Путинга яқинлиги, ташкилотнинг ўзи эса «Газпром»га қарамлиги билан изоҳланган.

 

Бундан ташқари, IBA томонидан Россия ва Беларус бокс федерацияларига қўйилган санкцияларнинг юмшатилиши ҳам бунга асосий сабаб сифатида кўрсатиляпти.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//