Тестдан йиқитилган 145 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилди. Уларнинг баллари сохталаштирилганТестдан «йиқитилган» 145 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилди. Уларнинг баллари сохталаштирилган

Сақлаш
18:51 / 28.02.2023 1110 0

2022/2023 ўқув йилида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида ўтказилган касбий (ижодий) имтиҳон натижалари прокуратура томонидан ўрганилди.

 

Қайд этилишича, 356 нафар (шундан, қўшилган 322, камайтирилган 34) абитуриентларнинг ҳақиқатда тўплаган балларига сохта ёзувлар киритиш орқали, юқори балл тўплаган абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилмай қолинганлиги аниқланган.

 

Жумладан, велоспорт йўналишида абитуриент Д.Бакировнинг ҳақиқатда тўплаган 105,2 балли сохталаштирилиб, Давлат тест марказининг электрон маълумотлар базасига пасайтирилган 67,4 балл киритилиши оқибатида талабаликка тавсия этилмаган.

 

Вилоят прокуратураси томонидан 10.12.2022 йилда Бош прокуратура орқали Ўзбекистон Республикасининг Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш Давлат комиссияси раисига хат киритилиб, унда идоралараро ишчи гуруҳи тузилган ҳолда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида ўтказилган касбий (ижодий) имтиҳон натижаларини қайта кўриб чиқиш ва натижаси бўйича таклиф киритиш сўралган.

 

Шунга кўра, маъсул вазирликларнинг етук мутахассисларидан иборат таркибда идоралараро ишчи гуруҳи тузилиб, ҳар бир абитуриентларнинг натижалари қайта кўриб чиқилган ва 145 нафари асоссиз равишда талабаликка қабул қилинмасдан қолганлиги аниқланган.

 

Ўрганиш натижалари 14.02.2023 йили Комиссия мажлисида муҳокама қилиниб, юқоридаги 145 нафар (3 нафар давлат гранти ва 142 нафар тўлов - контракт) абитуриентларни талабаликка тавсия этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

 

Ушбу қарорга асосан филиал директорининг 16.02.2023 йилдаги 10, 31 ва 32-сонли буйруқлари билан юқоридаги 145 нафар абитуриентлар талабаликка қабул қилиниб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

 

Ёшлар ҳуқуқларини бузган филиалнинг собиқ директори Р.Расулов ва қабул комиссияси масъул котиби М.Мухриддиновга нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//