"Ўзбекистон – туркий дунё асосини ташкил этадиган замин"

Сақлаш
17:10 / 16.11.2021 1028 0

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саккизинчи саммитида иштирок этди. Ўзбекистоннинг ушбу кенгашдаги таклиф ва ташаббуслари хусусида бир қатор дунё сиёсатчилари фикр билдирди. Хусусан,

– Туркий давлатлар ташкилотига Ўзбекистоннинг бугунга қадар тўлақонли аъзо бўлмаганини жуда катта, аммо пойдевори йўқ бир бинонинг қурилиши деб тасаввур қилишимиз мумкин эди, – деди Осман Местен, “Туркия-Ўзбекистон” парламентлараро гуруҳи раиси. –  Ўзбекистон  туркий дунё тарихининг асосини ташкил қиладиган заминдир. Тарихий ва маданий ришталар асосида ташкил қилинган бу ташкилот минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизмига айланиб бормоқда. Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилгани эса унинг қамровини ҳам, салоҳиятини ҳам оширди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари кўп томонлама ҳамкорликнинг амалий мазмун билан бойитди. Қисқа даврда Шавкат Мирзиёев томондиан кўплаб таклифлар илгари сурилди ва амалга оширилди. Хусусан, 2019 йил октябрда Тошкентда Туркий тилли давлатлар ишбилармонлари кенгаши мажлиси ҳамда инвестиция форуми ўтказилди. 2020 йилда Хива шаҳрига туркий дунёнинг маданий пойтахти мақоми берилди. Ёш тадбиркорлар форуми таъсис этилиб, 2021 йил сентябрда Тошкентда унинг биринчи йиғилиши ўтказилди.

Маълумки, Шавкат Мирзиёев шерик давлатлар миқёсида туризмни ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.  Бу соҳадаги ташаббуслар ҳам амалга ошяпти. Жорий йил Қўқон шаҳрида Туркий кенгашнинг вазирлари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қўқон туркий дунёнинг илк туризм пойтахти деб эълон қилинди. Мамлакатлардаги муқаддас қадамжолар бўйлаб табаррук зиёрат лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Мусо ал-Хоразмий меросига бағишланган халқаро илмий конференциялар ўтказилди. Барча туркий халқлар учун ардоқли бўлган шоир Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилиши Шавкат Мирзиёевнинг яна бир хайрли ташаббуси бўлди. Бу мукофот билан туркий давлатда илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган шахслар тақдирланади. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон туркий давлатлар ташкилотида жуда фаол ва ташаббускор мамлакат сифатида ўзини намоён қилмоқда, – дея қўшимча қилди у.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//