Янги ўқув йилидан айрим талабалар стипендияси 50 фоизга оширилади

Сақлаш
16:44 / 11.08.2021 1023 0


Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори имзоланди.

Унга кўра, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилади:

    етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда жойлаштирилади;

    етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар техникум, коллеж, академик лицей ёки олий таълим муассасасида ўқиётган даврида ҳар ўқув йилида бир маротаба ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар) харид қилиш харажатлари учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида субсидиялар ажратилади;

    вазирлик ва идоралар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган графикка асосан бир йилда камида бир маротаба барча «Меҳрибонлик» уйлари, Болалар шаҳарчалари ва оилавий болалар уйлари, шунингдек “SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари» уюшмасининг болалар маҳаллаларида (кейинги ўринларда – ўқув-тарбия муассасалари) тақдимотлар ўтказади. Бунда, мазкур тақдимотлар ўтказиш методикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади;

    ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг нодавлат таълим ташкилотларининг хорижий тиллар, олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиҳон топшириладиган 2 та фан, ошпазлик, қандолатчилик, сартарошлик, компьютер саводхонлиги ва ўзларининг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда бошқа мос йўналишлар бўйича курсларида ўқиш харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йилда базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваригача миқдорда компенсация қилинади;

    етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўқишни давлат олий таълим муассасаларида давом эттирганда уларга Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендия тўловлари 50 фоизга оширилган ҳолда тўланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//